Мутолаа: Соқолли бола. Ҳикоя
Жалил Маҳмадқулизода
Болаларим менга бошқа болаларга қараганда деворларга расм чизиш эҳтиросига тобе эмасдек туюларди. Ўзим ҳам ҳатто уларга бу ҳақда кўп маротаба айтганман ва улар деворларни бўямасликка сўз беришган.
Яқинда мен айвонга чиқишдаги эшик орқасида, четроқда қулоғи, ҳатто икки оёғи бўлган ҳайвоннинг бошига ўхшаган, бир нечта таёқ ва беш-олтита доира чизилганини кўриб қолдим. Чизувларнинг барчаси қалам билан шу қадар нўноқ ва қўпол тарзда чизилганки, бу изларни болалардан бошқа ҳеч ким қолдирганлигига шубҳам йўқ эди.
Таъбим хиралашиб, ўғилларимни чақирдим.
- Сиз деворга расм чизяпсизми?
Уч бола ҳам олдимда жим туришарди.
- Буларни ким чизди?
Учови ҳам тан олмади.
- Бўлмаса шайтон чизибди-да?
- Ота, Худо ҳақи мен чизмадим!
- Ота, мен ҳам чизганим йўқ!
Кичкина Қурбон ҳам пичирлади:
- Мен ҳам чизганим йўқ, – ва икки қўлини юзига босиб йиғлаб юборди.
Болаларни танбеҳ бериб, латта билан деворга чизилган нарсаларни яхшилаб артиб, норози бўлиб хонамга кириб кетдим ва орқамдан Ҳайдарнинг Темурга айтган гапини эшитдим:
- Шуларни сен чизгансан!
Темур эса эътироз билдирди:
- Ўзинг чизгансан!..
Шу пайт ўғлим Қурбон олдимга йиғлаб югуриб келди ва муҳим хабарни етказаётгандай хабар берди:
- Ота уни Ҳайдар чизган! Ростини айтяпман Ҳайдар.
Ҳайдар югуриб келди ва укасига пўписа қила туриб, айбини инкор қила бошлади.
Мен уларни койиб ташладим, учаласи ҳам жим бўлиб, кетишга ҳозирланиб турувди, уларни тўхтатдим ва дедим:
- Мени деворни бўяганингиз эмас, балки тан олмаганингиз, ёлғон гапираётганингиз кўпроқ хафа қиляпти. Аниқки, сизлардан бирингиз деворга чизган, лекин ҳар бирингиз қасам ичиб, мен чизганим йўқ, дейсиз. Ахир, уйимизда сиздан бошқа болалар йўқ-ку!
Шунда болалар яна бир-бирлари билан жанжаллаша кетди.
Орадан бир неча кун ўтди. Тўсатдан деворга, айвонга чиқиш орқасидаги ўша жойда мен худди шу - ҳайвонга ўхшаган нарса, пастида эса бир нечта таёқ ва айланаси бор қинғир-қийшиқ ёзувларни кўриб қолдим.
Жаҳлим чиқиб, йигитларни чақирдим. Яна ўша қасамлар, кўз ёшлари: ҳар бири айбни бошқасига тўнкаради. Улардан шунчалик хафа бўлдимки, кун бўйи ўзимга келолмадим, томоғимдан қил ҳам ўтмади. Ўғилларимдан бири ёмон одатларни намоён қила бошлагани мени ачинтирарди. Биринчидан, у менинг талабларимни бузиб, деворга чизяпти, иккинчидан эса у мени алдамоқчи бўлиб қасам ичяпти ва шу билан бирга қўрқоқлигини тан оляпти.
Вақт ўтиб бир-икки ойдан кейин бу нохушликлар унутила бошлади.
Бир куни яна хафа бўлдим. Айвонга чиқиб, тўсатдан деворда ўша қинғир-қийшиқ ёзувлар, узоқдан ҳайвоннинг бошига ўхшайдиган чизмалар, тагида эса таёқ ва айланачаларни кўриб қолдим.
Бу сафар болаларга ҳеч нима демадим ва ўзимча ўйладим: агар ўғилларимдан бири қайсарлик қилиб мени безовта қилишга қарор қилган бўлса, индамасдан турганим яхшироқ, балки унинг ўзи ҳам нотўғри иш қилаётганини тушуниб олар.
Бошқа томондан фикр хаёлимни педагогик муаммо чулғаб олди: тарбия тизимимдаги қайси камчилик бундай салбий натижа беряпти, мен, кекса ўқитувчи, фарзандларимни тарбиялашда қандай хатога йўл қўйдим, болаларимга бўлган муносабатимни қайси йўналишга ўзгартиришим керак экан...
Катта шаҳар ҳаётининг қулайликлари кўп. Дўконларда ва бозорларда ҳар доим кўнглингиз истаган нарсани топиб олишингиз мумкин. Бундан ташқари, ҳозирда уйингизга хоҳлаган маҳсулот етказиб берилади: мева- сабзавот дейсизми, сариёғ, асал, пишлоқ ва бошқалар...
Бизда ҳам ойига бир ёки икки марта бир қўлида бир челак сариёғ, иккинчи қўлида саватда тухум, елкасида тарози осилган етказиб берувчи бор эди. Одатда у ҳансираб зинадан кўтариларди, биз билан саломлашиб, қисқа гапирарди:
- Идишни олиб чиқинг!
Ҳар сафар рафиқам уни кутиб оларди, баъзида ўзим ҳам унинг олдига чиқардим. Салом-аликдан сўнг, ҳол-аҳвол сўрашиб, олиб келган маҳсулотларини кўрардик, нархини сўраганимизда у:
- Нархи билан нима ишингиз бор? - деб жавоб берарди. - Идишни олиб чиқинг!
Кейин таъминловчимиз тарозида сариёқ тортар, маълум миқдордаги тухумларни санаб агар пулимиз бўлса пулни оларди, пулимиз бўлмаганда бу сафарга қолдириб кетаверарди.
Етказиб берувчимиз асли эронлик баланд бўйли, қирқ беш, эллик ёшлардаги эркак бўлиб, унинг исми Қорболой-Азим эди.
Кеча Қорболой-Азим бизга яна сариёғ ва тухум олиб келди. Ёғ ва тухум учун биз унга маълум миқдорда қарздор бўлиб қолдик.
Қорболой-Азим нарсаларини олиб чиқиб кетди. Мен ўз хонамга кирдим ва бирдан ундан ардобиллик олим Мирзо Алиакбар ҳақида суриштирмоқчи бўлиб турганимни эсладим (Қорболой-Азимнинг ўзи ҳам Ардобилдан эди). Шошиб чиқиб, уни айвон эшиги ташқарисида топдим, у бир челак сариёғ ва бир сават тухумни ерга қўйиб, қалам учини оғзига тиқиб, ниманидир ўйлаб турарди. Деворда ҳайвонга ўхшаш нарса, пастда бир нечта таёқ ва айлана чизилган.
Кутилмаган кашфиётдан ҳайратга тушдим. Қорболой-Азим ажабланганимни пайқади ва менинг саволимни кутмасдан деди:
- Мулло амаки, мен ўқиш ва ёзишни ўрганмаганман, ҳисобни чалкаштириб юбормаслик учун мана шу белгиларни чизаман.
Мен кулиб юбордим. Таъминловчимиз ҳам оҳиста жилмайиб қўйди. Кейин шунчаки бу белгилар нимани англатишини ундан сўрадим. У тушунтира бошлади: чизган сигири сариёғни англатиб, унинг тагига сариёғ учун қанча қарздор бўлганлигимизни таёқчалар билан белгилаб қўяр, доиралар эса унга тухумлар учун қарзимиз миқдорини эсига солиши керак экан.
Мен яна кулиб, болаларимни чақирдим. Улар югуриб келишди ва девордаги ёзувларни кўриб, ҳайрон бўлишди:
- Ота, буни ким чизган, - сўради Қурбон.
- Болаларим, - жавоб бердим мен. – Бу ёзувларни сиз каби бола чизган, фақат унинг сизлардан фарқи шундаки, унинг соқоли бор, сизларда эса соқол йўқ.
Болалар кулиб юборишди. Қувноқ кулгининг сабаби ўқувчига тушунарли бўлса керак.
Ўша воқеага уч-тўрт йил бўлди, ўғилларим соқолли бола ҳикоясини ҳалигача эслаб юришади. Балки улар бу воқеани умр бўйи эслаб қолишар.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.