Муваффақиятсиз ўтказилган жигар трансплантацияси амалиёти Сенатда муҳокама қилинди

Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилган жигар трансплантацияси жарроҳлик амалиёти муваффақиятсиз якунлангани ҳақида хабар берган эдик.

Олий Мажлис Сенатида “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонунни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси муҳокамаси жараёнида шу масалага ҳам эътибор қаратилди.
Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов “Йўл харитаси”да белгиланган айрим вазифалар ижроси муддатидан кечикаётганлигини таъкидлади.

Жумладан, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш тартибини белгилаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмагани, тиббиёт муассасалари томонидан донор ва реципиентларни трансплантацияга тайёрлаш ҳамда ундан кейинги даволаниш ва кузатувни самарали ташкил этиш бўйича масъул шахс тайинлаш, кузатувчи масъул шахс ва тиббий психолог штатини ажратиш масаласи якунига етказилмаганлиги танқид қилинди.

Тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан трансплантация операцияси ўтказилган шахсларни (оригинал) иммуносуппрессор дори воситалари билан таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмагани шу йўналишдаги ишларни тўғри ташкил этишга тўсқинлик қилаётгани айтилди.

Сенаторлар “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаш, бу борада масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига масъулиятни янада ошириш ҳақида тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, мажлисда Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилган жигар трансплантацияси ва унинг оқибатлари хусусида атрофлича муҳокама ўтказилди.

Келгусида республикамизда трансплантация амалиётларини ўтказишга тайёргарлик жараёнлари кенг жамоатчилик ҳамда малакали экспертлар гуруҳи билан биргаликда амалга оширилишига келишиб олинди.