Мухбирнинг доим айтадиган гапи бўлиши керак

Бу каби фикр, таклиф, даъватлар бугун вилоят Матбуот уйида "Оммавий ахборот воситаларига ёш кадрларни жалб этиш – тажриба ва амалиёт” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида айтиб ўтилди.

Тадбирда республика нашрларининг вилоятдаги мухбирлари, вилоят, шаҳар ва туман газеталари муҳаррирлари, телевидение, газеталар ва сайт мухбирлари, “Журналистик маҳорат мактаби” тингловчилари иштирок этди.

Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев бугунги журналистикага қўйилаётган аосий талабларга тўхталиб, соҳага кириб келаётган ёшларга мухбирнинг доим айта оладиган дадил гапи бўлиши шарт, дея тавсия берди. Шунингдек, бугунги кунда юртимизда журналистика соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ижобий ишлар, ёшларнинг эркин ижод қилишлари учун яратилган кенг майдон, фақат ундан тўғри ва холис фойдалана олиш бу маҳорат эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Манноб Ибодуллаевнинг таъкидлашича, ҳозирги замонавий журналистикани кўпроқ ёш ижодкорлар тез ўзлаштирмоқда. Тезкорлик бу яхши, лекин сифат ва мазмун, қолаверса, ҳаққонийлик муҳим жиҳат эканлигини айтиб ўтди. 

Давра суҳбати тадбири давомида “Паст Дарғом ҳақиқати” газетаси жамоатчи мухбири Баҳодир Ўринов ҳамда “Овози Самарқанд” газетаси мухбири Дилафрўз Облақуловага Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзолик гувоҳномаси ва кўкрак нишони топширилди.

Тадбир уюшманинг вилоят бўлими ҳузуридаги “Журналистик маҳорат мактаби” тингловчиларига сертификат топшириш маросими билан давом этди.

Ушбу мактаб дастлаб “Зарафшон” газетаси қошида бундан 19 йил аввал ўз фаолиятини бошлагани, айни пайтда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ҳузурида фаолиятини давом эттираётгани айтиб ўтилди. Мактабда ҳозирга қадар 270 нафарга яқин тингловчи таҳсил олди. Уларнинг кўпчилиги республика ва вилоят босма оммавий ахборот воситаларида, телевидение ва радиоканалларда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шунингдек, “Журналистик маҳорат мактаби” давомчиси сифатида 16 та шаҳар ва туман газеталари таҳририятлари қошида ижодий тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ёш қаламкашларга ижод сир-асрорлари ўргатилиб келинмоқда.

Маҳорат мактаби 2024 йил декабрь ойида фаолият бошлаб, шу кунга қадар - 6 ой давомида тингловчиларга вилоятда фаолият кўрсатаётган тажрибали ва таниқли журналистлар “Устоз-шогирд” анъанаси асосида дарс бериб келишди. Хусусан, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталари таҳририяти ҳамда Журналистлар уюшмаси аъзолари ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди, журналистиканинг сир-асрорларини ўргатишди.

Ижодий дарслар давомида миллий матбуотимиз тарихи ҳамда ҳозирги жамиятдаги ўрни ва роли, ахборот жанрлари: хабар, ҳисобот, интервью, репортаж, бадиий-публицистик жанрлар: лавҳа, очерк тайёрлаш, нотиқлик ва нутқ маданияти, фотожурналистика, видеотасвир, монтаж иши, матбуот хизматининг жамоатчилик билан алоқалари каби мавзулар орқали журналистика ҳам назарий, ҳам амалий тарзда ўқитилди. Шунингдек, Самарқанд телерадиоканалининг амалий иш жараёни билан таништирилди.

Бундан ташқари, олти ойлик курс давомида “Журналистик маҳорат мактаби” тингловчилари томонидан махсус “Зиё” ўқув газетаси тайёрланди ва чоп этилди. Газета тайёрланиш жараёнига тингловчиларнинг ўзлари масъул бўлиб, танқидий-таҳлилий, мулоҳазали материаллари жамланиб, чоп этилди.

Биз олти ой давомида олган назарий билимларимиз, амалий кўникмаларимиз орқали журналистика нима эканлигини англаб олдик, - дейди тингловчилардан бири Малика Раҳмонова. – Тўғриси, шу соҳага қизиқишим мени Самарқанд давлат чет тиллар институтининг халқаро журналистика йўналишига етаклади. Шу боисдан дарсдан кейин “Журналистик маҳорат мактаби”га қатнаб, ўз билим ва тажрибамни орттириб олдим. Айниқса, вилоят матбуот тарихи музейи бизга соҳага оид кўплаб янги маълумотларни билишга имкон яратди. Албатта, бу билимлар амалга ошиши учун доимий таҳририятлар билан яқин ҳамкорликни давом эттираман.

Тадбир  якунида 15 нафар тингловчига “Журналистик маҳорат мактаби”ни муваффақиятли тугатганлиги тўғрисидаги сертификатлар, “Зиё” ўқув газетаси, соҳага оид китоблар топширилди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.