Наказава Кейичиро: "Япония ва Самарқандни боғловчи чартер рейслар йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди"
Бугун Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Наказава Кейичиро бошчилигидаги делегация Самарқандга келди.
Самарқанд темир йўл вокзалида меҳмонларни вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Мирзабеков кутиб олди.
Дастлаб меҳмонлар Самарқанд халқаро аэропорти фаолияти билан танишди ва делегация аъзолари иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида туризм алоқаларини ривожлантириш борасида фикр алмашилди.
- Самарқанд тарихий шаҳар, унинг бетакрор мажмуа ва обидалари, тарихий масканлари ҳеч кимни беътибор қолдирмайди, - деди Наказава Кейичиро. - Японияда Самарқандни кўриш истагида бўлганлар кўп. Ҳамкорликда Самарқанд ва Японияни боғловчи чартер рейслар ташкил қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шундан сўнг япониялик меҳмонлар Хўжа Дониёр мақбара-мажмуаси, Мирзо Улуғбек расадхонасида бўлди. "Афросиёб" музейидаги ноёб тарихий ашёлар делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Ташриф давомида меҳмонларнинг Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбараси, "Регистон" ансамбли, Бибихоним мажмуаси ва бошқа диққатга сазовор жойларни томоша қилиши режалаштирилган.