Намунали маҳаллада қотиллик

Тасодифан эмас, аниқ ният билан, бир қўлида қурол – темир парчаси, яна бирида тансиқ таом билан опахонининг уйига кириб борган ёшгина жувон наҳотки бир инсон умрига зомин бўлишнинг аянчли оқибатларини ўйламаган бўлса?! Ёки у ҳам машҳур адиб Ф.Достоевскийнинг "Жиноят ва жазо" романи бош қаҳрамони Раскольников сингари судхўрнинг бу ҳаётда яшашга ҳаққи йўқ, деб ўйладимикан? Ҳа, асар қаҳрамонидаги қараш аёлда ҳам йўқ эмасди, аммо мудҳиш хулосага келишга яна бир сабаб – жувоннинг "опаси"дан йирик қарзида эди.

Гап шундаки, судхўрлик билан шуғулланаётган опадан доимий равишда пул олиб, савдо-сотиқ билан шуғулланаётган аёлнинг қарзлари кундан-кунга кўпайиб бораётганди. Воқеанинг қисқача мазмуни шундай. Опа-сингилчилик ўз йўлига-ю, қарзни тўлаш керак. Қарз гирдобида қолган аёлнинг кўзига судхўр "опаси" аждаҳодек кўрина бошлайди. Аёл вазиятга тиниқ ақл билан баҳо бериб, муаммони ҳал қилиш йўлини излашдан кўра, қўлини қонга ботириш афзалроқ деб билдимикан? У Достоевскийнинг асарини ўқиганида эди! Бу қарор ҳар қандай ҳолатда ҳам энг ҳалокатли, аянчли, инсоннинг ўзи олдидаги бир умрлик азобли йўл эканлигини англаб етармиди?..

Пайариқ туманида яқинда содир этилган ушбу жиноят маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик билан муҳокама этилди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Fафурова, ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш республика комиссияси ишчи гуруҳи аъзоси А.Эргашев ва бошқалар маҳалладаги муҳит билан яқиндан танишди, салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида қандай ишлар йўлга қўйилиши бўйича мулоҳазаларини билдирди. 

– Жорий йилда вилоятда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар оз бўлса-да, камайган, – деди М.Fафурова. – Хусусан, бу кўрсаткич Ургут, Нарпай, Иштихон, Жомбой туманларида камайган бўлса, Оқдарё, Паст Дарғом, Нуробод, Пайариқ туманларида кескин ошган. Энг ачинарлиси, хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг еттитаси қотилликдир. Аёлнинг шаъни-ю она деб аталмиш хилқат учун асло ярашмайдиган бу ҳолатнинг келиб чиқишига нима сабаб бўлмоқда? Оиладаги нотинчликлар нега маҳалланинг ўзида, ўз вақтида ҳал этилмаётир?

Диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар нотинч оилалар билан ишлаш деганда асосан, маҳаллага ўзаро келишмовчиликлар билан мурожаат қилган оилаларни тушунмоқда. Ваҳоланки, бир нечта қўни-қўшнига маълум бўлган муаммоли оилалар ҳам талайгина. Кўчабошилар, маҳалладаги комиссия аъзолари биргаликда ҳаракат қилса, бу каби салбий ҳолатларни ўз вақтида аниқлашга имкон топиларди. Энг ёмони, маҳалла фаоллари эътиборидан четда қолган бундай оила аъзолари томонидан кутилмаганда жиноятлар содир этиляпти. Хотин-қизлар билан ишлашда маҳалла маслаҳатчисига бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси асосий кўмакчи бўлиши лозим. 

Тумандаги Мирзо Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳудудда содир этилган жиноятлар юзасидан ўз фикрини билдирар экан, ҳудуд профилактика инспекторидан норози эканликларини айтишди. Фаолларнинг аксарияти гарчи иш бошлаганига икки ой бўлса-да, уни ҳанузгача танимаслигини билдирди. 

– Маҳалламиз тумандаги намунали фуқаролар йиғини сафида эди, – дейди маҳалла фаоли, вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича комиссия раиси Гулнора Шохдорова. – Яқинда содир этилган мудҳиш жиноят кўпчилик қатори мени ҳам ларзага солди. Ушбу ҳолат дарҳол маҳаллада муҳокама этилди. Унда маҳалладаги иш тартибини кескин ўзгартириш таклифи билан чиқдим. Ҳар бир комиссия раиси маҳалладаги 1400 та оиланинг аҳволидан доимий хабардор бўлиши ва бу натижаларни ҳар ҳафта умумлаштирган ҳолда керакли чораларни кўришни белгилаб олдик. 

Ушбу маҳалладаги жиноят кўрсаткичининг ошишига сабаб бўлаётган омиллардан яна бири ҳудудда жойлашган тўйхона экан. Кечаси тўйдан чиққан маст кишиларнинг ўзаро жанжали муштлашувга айланиб кетади. Бу ҳолатда профилактика инспекторининг посбон билан ҳамкорликдаги фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Афсуски, фаолларнинг айтишига қараганда, уларнинг бу борада омади чопмаган.

Маҳаллада судхўрлик билан шуғулланаётган аёллар яна бор экан. Улар ўртасида огоҳлантириш ишлари олиб борилишига қарамай, ҳамон ўз фаолиятини давом эттирмоқда. 

Маҳаллада битта нотинч оила қайд этилган, шу йил ҳисобидан иккита ажрим содир бўлган экан. Маҳалла раиси М.Казакованинг айтишига қараганда, иккита оила ажралиш арафасида. "Афсуски, уларни яраштиришнинг имкони бўлмаяпти", дейди опа. Тафсилотларга тўхталиб ўтирмаймиз, сабаби, ажралиш учун рўкач қилинган баҳоналарни ёзишга ҳам истиҳола қилади, киши. Қизиқ, узоқ йиллар намунали саналган ҳудудда бу оилаларга сўзи ўтадиган кайвонилар наҳотки бўлмаса?

Йиғилиш қатнашчилари шу туманда содир этилган яна бир жиноятни муҳокама этиш, маҳалладаги вазиятни ўрганиш мақсадида Тараққиёт маҳалла фуқаролар йиғинига келишди. 

Ахборот яшин тезлигида тарқалаётган бир пайтда бу воқеа аллақачон интернет сайтлари орқали минглаб кишилар қалбини ларзага солди. 21 ёшга кирган йигит айни навқирон пайти жувонмарг бўлди. Унинг қотилига айланган 18 ёшли йигит эса умрининг гўзал чоғларини темир панжара ортида ўтказишга мажбур.

– Воқеа содир бўлган куни маҳалла раиси билан рейд ўтказиб юргандик, – дейди воқеа тафсилотига тўхталар экан, ҳудуд профилактика инспектори Дилмурод Сайдуллаев. – Қотиллик содир этган йигит тунги 12 ларда ўртоқлари билан кўчада юрган экан. Уни туман ички ишлар бўлимига олиб бориб, тушунтириш ишлари ўтказдик, ярим кечаси бемақсад юриш яхшиликка олиб келмаслиги, коллеж ўқувчиси эрталаб дарсга бориш кераклигини тушунтирдик. У бўлимдан чиққач, тўғри уйига боради. Аммо уйи ёнида синглисини бир йигит билан кўргач, буни бошқа маънога йўяди ва жаҳл устида йигитни ўша атрофдаги деҳқончилик асбоби билан уради. Йигит воқеа жойида вафот этади. Оиладаги муҳитдан хабардормиз, доим огоҳ бўлиб турардик. Афсуски, ота-онанинг эътиборсизлиги мудҳиш воқеага сабаб бўлди. 

Ҳақиқатан ҳам ярим кечаси ота-она фарзандларининг қаерда экани билан нега қизиқиб кўрмади? Жорий йилда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг катта фоизи ота-оналарнинг назоратсизлиги туфайли келиб чиққан. 

Ҳудуд билан боғлиқ яна бир масалага тўхталиб ўтиш жоиз. Бу ерда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун деярли шароит йўқ. Маҳаллада жойлашган 96-умумтаълим мактабига борганимизда боғча учун мослаштирилган бинода ҳам мактаб, ҳам мактабгача таълим муассасаси жойлашганига гувоҳ бўлдик. Таъмирталаб, кўриниши, синф хоналари бугун биз кўникиб қолган таълим муассасаларига сира ўхшамайди. Шунинг учун бу маскандан кутубхона, спорт зали сўрашнинг ўзи ноўрин. 

Маҳаллада жойлашган 11 та савдо дўконида эса ноқонуний равишда спиртли ичимликлар сотуви йўлга қўйилган экан. Профилактика инспектори маҳалла раиси билан ҳамкорликда солиқ идораларига бу ҳолатни бартараф этиш юзасидан хат билан чиққанлигини билдирди. 

Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Fафурова маҳалладаги муҳит билан танишиш чоғида келишмовчиликлар туфайли ажралиш арафасида турган оилага ҳам бориб, хонадондаги вазият билан танишди ва оилани яраштириш чоралари кўрилди. 

Икки маҳалладаги вазият ўрганилиши баробарида, у ердаги муҳитни янада яхшилаш борасида аниқ тавсиялар берилди. Хусусан, ҳар бир хонадондаги муҳит пухта ўрганилиб, иш олиб борилиши, маҳалладаги асосий кўчаларга видеокузатув мосламасини ўрнатиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши белгиланди.