Нақд валюталарни божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш қоидалари тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 августдаги қарори билан 2018 йил 30 январдаги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси нақд валютаси ва нақд чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш қоидалари” тасдиқланди.

Мазкур Қоидаларга кўра қуйидагилар белгиланди:

Жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 70 000 000 (етмиш миллион) сўм эквивалентидан ортиқ миқдордаги Ўзбекистон Республикасининг нақд валютаси ва (ёки) нақд чет эл валютаси (кейинги ўринларда — нақд валюта маблағлари) йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади.

Йўловчи божхона декларациясида олиб кирилаётган ёки олиб чиқиб кетилаётган маблағларнинг жами суммаси кўрсатилади.

Жисмоний шахснинг хоҳишига кўра, эквиваленти 70 000 000 (етмиш миллион) сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағлари ҳам декларация қилиниши мумкин.

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда, нақд валюта маблағларини олиб кириш чекланмаган миқдорда амалга оширилади.

Жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 100 000 000 (юз миллион) сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига божхона назорати қоидаларига риоя этилган ҳолда чекловларсиз олиб чиқилади.

Белгиланган суммадан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилишига йўл қўйилмайди.

Қуйидаги ҳолатларда жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 100 000 000 (юз миллион) сўмдан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетишга йўл қўйилади:

- резидентлар томонидан — хорижий давлатларга хизмат сафарига кетаётган Ҳукумат делегацияси аъзолари учун Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида;

- норезидентлар томонидан — Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида расмийлаштирилган йўловчи божхона декларацияси асосида декларация қилинган маблағлар доирасида, шунингдек, республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган халқаро мусобақалар (танловлар, олимпиадалар) совриндорлари ёки қатнашчилари томонидан маблағларнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида.

Бунда норезидент жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларациясида кўрсатилган нақд валюта маблағларидан республика ҳудудида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ фойдаланилган қолдиқ миқдори доирасидаги нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқишга йўл қўйилади.

Эквиваленти 100 000 000 (юз миллион) сўмдан ортиқ бўлган нақд валюта маблағларини олиб чиқиб кетиш учун асос бўлган ҳужжатни бошқа шахсларга беришга йўл қўйилмайди.

Жисмоний шахслар томонидан нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетиш учун асос бўладиган ҳужжатлардан бир маротаба фойдаланишга йўл қўйилади ва ушбу ҳужжатлар келгусида нақд валюта маблағларини такроран олиб чиқиб кетиш учун асос ҳисобланмайди.

Жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтаётганларида нақд валюта маблағларининг ҳаққоний ва тўғри декларацияланганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Жисмоний шахс божхона органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

Мазкур Қоидалар дипломатик дахлсизликка эга бўлган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.