Наркологлар Самарқандда ўзаро фикр алмашди

Ўзбекистон ва Россиядаги наркологик касалликларни даволаш тиббиёт муассасалари шифокорлари ва соҳа олимларининг мазкур йўналишдаги фаолияти ҳамда тизим муаммолари, истиқболдаги вазифаларга бағишланган навбатдаги халқаро илмий-амалий конференцияси Самарқандда ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент тиббиёт академияси ва Ўзбекистон психиатрлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган беш кунлик анжуман давомида наркологик хасталикларнинг олдини олиш ва даволашда қўлланилаётган янги услуб ва амалиёт ҳақида маърузалар ўқилди.

Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази директори З.Ашуров Ўзбекистонда наркологик ёрдамни таъминлашдаги анъаналар ва инновациялар ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, россиялик олимлар ҳам ушбу йўналиш бўйича Европа давлатлари, жумладан, Россия Федерациясида даво чоралари ҳақида сўз юритди.

– Анъанавий тарзда ташкил этиладиган бу каби анжуманлар бугун дунё миқёсида кўпайиб бораётган наркологик ва унинг оқибатида келиб чиқадиган бошқа хасталикларни даволашда нималарга эътибор қаратиш кераклигини белгилаб олишимиз учун қулай имконият ҳисобланади, – дейди Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори Наргиза Кенжаева. – Бу галги конференцияда ҳам кўплаб янгилик ва методлар бўйича ўзаро фикрлашиб олдик. Хусусан, ёшларда учраётган наркологик касалликларни самарали даволашнинг самарали усуллари иш тажрибамиз мисолида таҳлил этилди.

Халқаро конференция қатнашчилари Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари, талабалари иштирокида маҳорат машғулотлари ташкил этилди.