Нарпайда 18 та янги бино иншоотлар қуриб битказилди

Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда ҳудудларда янги бунёд этилган, реконструкция қилиниб, кўркам қиёфага келтирилган бинолар фойдаланишга топшириляпти. Жумладан, Нарпай туманида ҳам 18 та иншоот очилди.

Туманнинг Олти ўғил маҳалласида 33-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари янги ўқув йилини мукаммал таъмирдан чиқарилган бинода бошлайдиган бўлди. “Жамшид универсал савдо” қурилиш корхонаси томонидан бажарилган ишлар учун 4720,5 миллион сўм сарфланди. Тумандаги 3-, 57-, 69-умумий ўрта таълим мактаб бинолари ҳам реконструкция ишларидан сўнг фойдаланишга топширилди.

Турон маҳалласида эса 56-мактабгача таълим ташкилоти биноси 4095,9 миллион сўм маблағ эвазига “Зарафшон” корхонаси томонидан реконструкция қилинди. Манғит маҳалласидаги 45-боғча биноси ҳам реконструкция қилиниб, болажонлар ихтиёрига топширилди.

Мустақиллик байрами олдидан “Мустақиллик”, “Зирабулоқ”, “Ислом шоир” маҳалла фуқаролар йиғини биноларининг ҳам тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Туманнинг Қозикент маҳалласи ҳудудида эса 7,5 км ичимлик суви тармоғи тортилди.

- Бугунги кунда фойдаланишга топширилаётган биноларнинг барчаси инсон қадри учун хизмат қилади, - дейди туман ҳокими Шерзод Раҳмонов. - Муқимий маҳалласида "Нарпай МАХ транс" масъулияти чекланган жамияти томонидан бўш турган объект негизида “Асфальт ва бетон заводи ҳамда шебин қуми ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 40 нафар ишсизнинг бандлиги таъминланяпти.

Корхонага асфальт ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуналар Хитой давлатидан келтирилган. Бу ерда ходимлар учун етарлича меҳнат шароити яратилган.

Шунингдек, туманнинг бир қанча маҳаллаларида спорт майдончалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланишга топширилди.
Тўлқин СИДДИҚОВ.