Нарпайда маст ҳолда ўзига таниш бўлмаган қизга шилқимлик қилган эркак 15 суткага қамалди

Аслида ҳодиса жорий йил 19 июнь куни Нарпай туманида жойлашган “Мирбозор” МЧЖ ҳудудида содир бўлган. Ўша куни фуқаро С.Д. спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда ўзига олдиндан таниш бўлмаган У.У. исмли қизнинг қўлидан туртиб, унга нисбатан ҳақоратомуз шилқимлик қилган.
У.У. Нарпай тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, С.Д. га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ариза юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун жиноят ишлари бўйича Нарпай тумани судига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Нарпай туман судининг 2021 йил 23 июнь кунидаги қарорига асосан С.Д. га содир этган ҳуқуқбузарлиги учун унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шундан сўнг С.Д. нинг яқинлари туман ИИБ га бориб, ўзларини норозиликларини билдиришган. Ҳолат С.Д.нинг яқинларига тушунтириб берилганидан сўнг фуқаролар уйларига кетишган.
Вилоят ИИБ ахборот хизмати.