Нарпайда ногиронлиги бор, “дафтар”да турган аёллар ишли бўляпти
Шу йилнинг март ойида Нарпай туманидаги Сарбозор қишлоғида иш бошлаган тикувчилик фабрикасида 250 нафардан зиёд хотин-қиз меҳнат қиляпти.
- Корхонамиз 160 нафар ишчи билан фаолият бошлади, - дейди “Narpay tex” масъулияти чекланган жамияти бўлим бошлиғи Ҳаётхон Сиддиқова. – Бугунги кунда улар сони 260 нафарга етди. Бу ерда 10 турдан зиёд трикотаж маҳсулотлари тайёрланади. Корхона йилига 3 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Корхонада меҳнат қилаётганларнинг аксариятини шу пайтгача ишсизлик муаммоси қийнаб келган, ногиронлиги бўлган ва ижтимоий “дафтар”лар рўйхатида турганлар ташкил этади.
- Навоий шаҳридаги коллежда тикувчилик йўналишида ўқидим, - дейди эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган биринчи гуруҳ ногирони Моҳира Шерматова. – Май ойида шу корхонага ишга кирдим. Бу ерда биз, ишчилар учун барча шароитлар бор. Бепул тушлик, ишга қатнаш учун махсус транспорт ташкил қилинган.
- Коллежда ҳисобчилик йўналишида ўқиганман, - дейди туманнинг Ноғорахона маҳалласида яшовчи Висола Ашурова. – Қарийб ўн йилдан бери мени ишсизлик муаммоси қийнарди. Туманимизда катта тикувчилик фабрикаси очилганини эшитиб, бу ерга иш сўраб келдим. Корхона раҳбарияти илиқ кутиб олди. Бу ерда меҳнатга яраша ҳақ тўлаши менга жуда маъқул келди. Иш бошлаганимда 1 миллион 400 минг сўм маош олардим. Мана, орадан 6 ой ўтиб, 2,5 миллион сўм оляпман. Ишчиларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам имкониятлар яратилган. Вақти-вақти билан таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари ташкил этилади.
Келгусида корхона фаолияти янада кенгайтирилиб, йил охиригача ишчилар сонини 500 нафарга етказиш мақсад қилинган. Бу ишлаб чиқариш қуввати ҳам қарийб икки бараварга ошади, дегани.
Феруза Маматқулова,
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (сурат).