Нарпайда табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган тадбиркорга нисбатан жиноят иш қўзғатилди

2020 йилнинг 5 июль куни Нарпай тумани Оқтош шаҳри ҳудудида фаолият юритаётган МЧЖ цех бошлиғи Р.Ҳ. ариза билан мурожаат қилиб, унда жамият 2018 йилдан буён туманда кластер усулида пахта хом ашёси етиштириш ва қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланиб келаётганлигини, жамият фаолиятида фойдаланиш учун алоҳида газ тармоғига уланганлигини, шунга қарамасдан, газ таъминотида бир маромдаги босим бўлмаса-да, табиий газ учун тўлов миқдори ошиши кузатилаётганлигини, қувурнинг жамиятга қарашли газ ҳисоблагичдан кейинги қисмининг икки жойидан тумандаги бошқа МЧЖлар рухсатсиз яширинча уланиб олиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётганликлари сабабли, тўлов миқдори кўпайиб кетганлигини билдирган. Унга етказилган зарарни ундиришда ҳамда ушбу МЧЖ масъулларига нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида МЧЖга келган табиий газ тармоғи кўздан кечирилганда, жамият газ тармоғининг икки жойидан бошқа хусусий корхона ва МЧЖ яширинча уланиб, газдан қонунга хилоф равишда фойдаланиб келишганлиги оқибатида Р.Х. ишлайдиган МЧЖга жами 148.120.236 сўм моддий зарар етказилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.