Навоий туғилган кунини нишонлаш бугун ёдга тушдими?

Бугун Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳрида ҳам тадбир ташкил этилди. Шоир номи билан аталувчи марказий истироҳат боғига ўрнатилган ҳайкали пойида ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, олий, ўрта махсус ва халқ таълими муассасалари талаба ва ўқувчилари иштирок этди. Аммо негадир тадбир иштирокчилари орасида Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосаридан бошқа масъулларни кўрмадик. Яхшиям, ҳар бир тадбирда ҳозиру нозир Ҳасан Нормуродов ва фаол фахрийларимиз, ёшлар бор. Вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси саксон ёшдан ошса-да мазкур тадбирга келишни ўзи учун бурч, шараф деб билса-ю бу инсондан анча ёш бўлган айрим раҳбарлар Алишер Навоий таваллуд кунига бағишланган маросимга келишни наҳотки унутиб қўйишди.
Тўғри, бугун дам олиш куни, аммо пойтахтимизда, ҳатто хорижий мамлакатларда буюк мутафаккирга эҳтиром кўрсатилаётган бир пайтда виждонимиз уйғониб, ҳазрат Навоий хотирасини ёд этсак фойдадан холи бўлмасди.
Яна бир гап. Айни дамда қиш бўлса-да, кун баҳор ҳавосини бериб турибди. Ҳайкал атрофига қишга чидамли анвойи гуллар экиб қўйиш нега мутасаддиларнинг хаёлига келмади. Ёки Навоий туғилган кунини нишонлаш бугун ёдга тушдими?
Суратларни кўриб, ўзингиз баҳо бераверинг!