Навоий ва Самарқанд вилояти матбуоти: Таҳлил, тажриба, таққос

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Асланов ва Навоий вилоятининг бош нашри - “Дўстлик байроғи” газетаси бош муҳаррири Бобоқанд Умаров вилоят Матбуот уйида бўлиб, Самарқанд матбуоти, унинг тарихи ва таҳририятда кечаётган бугунги иш жараёни билан танишди, мухбирлар билан суҳбатлашди.
Самарқанд биз учун ҳамиша қадрли жой, ҳар жабҳада ўрганса арзийдиган жиҳатлари кўп, - дейди О.Асланов. - Жумладан, Самарқанд журналистикасининг тарихийлиги ва бугун замон билан бирдай одимлаётгани билан ҳам аҳамиятли. Вилоят матбуот музейида Самарқанд журналистикасининг 112 йиллик тарихи билан танишиб, ўзимизга кўп хулосаларни олдик. Вилоятимизда ҳам шу каби музей ташкил қилишни мақсад қилдик. «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари таҳририяти, «Овози Самарқанд» газетаси фаолияти, бу ерда яратилган шароитлар билан танишиб, ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашдик. Ўзаро суҳбатларда матбуотнинг жамиятдаги ўрни ҳақида баҳслашдик, жараёнларни таҳлил қилдик ва аввалги йиллар билан таққосладик.
Суҳбат давомида «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев устоз Аҳмаджон Мухторовнинг "Газета - ақл қайроғи, тафаккур чироғи, ижод қаймоғи, юрак қийноғи" деган нақлсифат иборасини ёдга олиб, унинг ўз даврида ҳамкасблар учун шиор бўлганини таъкидлади.
- Газета бугун ҳам ўз қиймати ва қимматини йўқотган эмас, - деди Ф.Тошев. - Фақат саҳифаларида бугуннинг долзарб муаммоларини дадил кўтариб чиқиш, иқтисодий ва ижтимоий таҳлилларни кўпайтириш, одамларни мулоҳаза, мушоҳада қилишга чорлайдиган ўткир мавзудаги мақолаларни бериб бориш керак. Бу борада Самарқанд ва Навоий вилояти матбуот нашрларида фаолият юритаётган журналистлар ўзаро тажриба алмашиб туриши ўзининг самарасини беради.