Навоийшунос олимлар анжумани

Самарқанд давлат университетида филология фанлари доктори, профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Алишер Навоий ва адабий таъсир масалалари: бадиий ижод, компаравистика ва ренессанс” мавзуидаги халқаро илмий-назарий анжуман ўтказилди.

Анжуманда мамлакатимиз ва хориждаги навоийшунос олимлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Конференция аввалида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев, Самарқанд давлат университети ректори Р.Холмуродов,  Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Қ.Ғуломов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Ш.Сирожиддинов, Анқара университети профессори Фатма Сема Барутcу Ўзўндер хоним ва бошқалар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби М.Мухиддиновнинг ўзбек адабиёти тарихи, хусусан, Навоий ижодий меросини ўрганиш борасидаги хизматларини эътироф этиб, олимни қутлуғ ёши билан табрикладилар.

Анжуман ялпи мажлисдан сўнг Алишер Навоий ва Риёзий Самарқандий, Навоий қитъалари: образ, маъно ва тасвирдаги янгиланишлар, Алишер Навоий ижодига издошлик ва ижодий ўзига хослик масаласи, Навоий қофиясининг тақтиъ имкониятлари, Навоийнинг ҳамд ва наът қитъалари поэтикаси, Қутбий ижодида Навоий анъаналари каби шуъбаларда давом этди. Бу мажлисларда 80 га яқин олимларнинг илмий мақолалари тингланиб, муҳокама қилинди.

– Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида муҳим ўрин тутади, – дейди Самарқанд давлат университети ўзбек адабиёти тарихи кафедраси мудири, профессор Исроил Сулаймонов. – Унинг бебаҳо асарлари ҳақли равишда жаҳон адабиётининг энг йирик дурдоналаридан бири сифатида ҳар томонлама таҳлил ва тадқиққа муносибдир. Устозимиз, профессор Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг бу борадаги тадқиқот ва илмий изланишлари, яратган асарлари Навоий меросини ўрганишга жуда катта ҳисса бўлиб қўшилган. Бу ишлар бугун олим бошчилигида ўнлаб шогирдлари томонидан давом эттирилмоқда.

Конференция якунида илмий тадқиқотлар асосида Алишер Навоий ва адабий таъсир масалалари хусусида илмий-назарий хулосалар жамланди.