Навосиз улуснинг навобахши... ёхуд нега Навоий қитъалар аро инсонлар қалбида ҳамон эсланади?

Асран узоқ, қалбан яқин бу улуғ Инсон сўз денгизидан шундай жавоҳирлар териб сочдиким, унинг жозибаси қарийб олти аср давомида кишилар қалбини мафтун этиб, уларнинг маънавий дунёсини озиқлантирмоқда.

У ўзининг умрбоқий асарлари билан эрксевар халқларнинг эзгу умидларини, орзуларини, дўстлик ва тинчлик ғояларини ифодалаб, башарият юрагида зарҳал ҳарфлар билан абадий ном қолдирди.

Эллар ва дилларни пайванд этган бу нурли сиймо, буюк ўзбек халқи ва унга дўст бўлган барча халқлар маданиятининг йўлига порлоқ нур сочиб турибди. Шунинг учун ҳам асрлар оша барча эллар бу элсевар ва эрксевар куйчи, навосиз улуснинг навобахши бўлган даҳо шоирни чин дилдан улуғлаб келадилар.

Алишер Навоий ижодининг гултожи саналган “Хамса” достонларида тарбияга оид ўлмас фикрлари, одамийлик, дўстлик, тинчлик, озодлик, адолат, яхшилик, тўғрилик, меҳр-вафо, оқибат, садоқат, имон, сахийлик, мардлик, Ватанни севиш, эл-улусни ардоқлаш, ота-онани ҳурматлаш, илмли бўлиш каби ғоялар акс этган.

Улуғ шоир умуминсоният куйчиси, лекин у энг аввало, ўз элини, ўз ватанини, хусусан, меҳнаткаш ҳамдард, суянчиқ бўлган жонкуяри Ўзбекни ифтихор билан тараннум этиб:

Шоҳу тожу хилъатеким, мен тамошо қилгали,

Ўзбеким бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас...  дейди.

Ўзбек номини улуғлаб айтган бу теран байти:

“Мен шоҳнинг тож ва зарбоф кийимларини тамоша қилишдан кўра: бошида қалпоғи (дўппи) ва эгнида ширдоғи – яктаги бор ўзбегимни кўрсам бас (бўлди), дейди.

Кўряпсизми? Улуғ шоир оддий ўзбекни шоҳлик, подшоликдан, тождан, устун ҳисоблайди, оддий улус – ўзбекни она халқини ўзига суянчиқ деб билади.

Навоийнинг асарларида, хусусан, “Чор девон”ида ўзбек халқининг 50 дан ортиқ уруғ номлари тилга олинган, ўша даврдаги ўзбек уруғларининг ижтимоий ҳолати, сиёсий мавқеи ҳақида ҳам батафсил маълумотлар ёзилган: Жумладан: қўнғирот, найман, қиёт, барлос, жалойир, билгут, оғар, манғит, баяут, юз, минг, қирқ, қонгли, ўзбек, қалмоқ, мўғул, қипчоқ ... кабилар ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирган. Шоир халқ орасида кўп бўлганлиги учун кўплаб ўзбек уруғларининг номларини яхши билган ва уларнинг кўплари билан суҳбатда бўлган. У қипчоқ ўзбекларини алоҳида эҳтиром билан тилга олган. Қипчоқ ўзбекларининг тил хусусиятларини мукаммал билган “Муҳокаматул луғатайин” асарининг “Икки тил муҳокамаси – муқояси”да ўзбек тилининг форсий тилдан кам эмаслигини, ҳатто ўзбек тилининг сўз бойлиги, ранг-баранглиги форсий тилдан устунлигини амалда исботлаган. Шу жиҳатдан Навоий ўз она тилининг жонкуяри, бу тилни ҳимоя қилишда жасур жангчи ўзбек адабий тилининг асосчиси – байроқдори эди.

Алишер Навоий ижоди ниҳоятда сермаҳсул. У нафақат тил, адабиёт, балки тарих, этнография, география, сиёсатшунослик, маъданшунослик, луғатшунослик, астрономия, меъморчилик санъати, музикашунослик, достончилик санъати, инсоншунослик, одамийлик каби соҳаларнинг умумлашмасига эга бўлган фавқулодда истеъдод эгаси эди... Шоирнинг дунёқараши ниҳоят даражада теран хусусиятга эга.

Бу борада шоирнинг “Садди Искандарий” достонидаги ёзган тарихий маълумотига диққатингизни жалб этмоқчиман.

Биламизки, азалда бизнинг замонамизда ҳам подшо, халқ лашкарлари қурама халқ, яъни турли-туман уруғ-миллатлардан ташкил этилган. Ҳозир ҳам худди шундай турли юрт кишилари.

Бундан қарийб 3000 йил аввал подшоҳ-саркарда Александр Македонский (Искандар Зулқарнайн) ва Эрон шоҳи Доро билан бўлган катта жангда ҳар икки томондан бир ярим миллионга яқин аскар қатнашган.

Ана шу жангда Искандар томонида туриб уришганлар ҳам ер юзининг турли томонларидан йиғилган турли элат, уруғ, қабила одамлари: юнон, араб, ҳинд, хитой, манғит, мўғул, рус, дашти қипчоқ ўзбеклари, арман, гуржи, черкас, хабаш... кабилар қатнашган.

Навоий катта урушда Дорога қарши кўплаб элат, уруғ, қабилалар билан бирга ўзбеклар ҳам қатнашганлигини айтади.

Самарқанддин токи сарҳадди Чин,

Таронғир анга хайли  машриқдин

Юз эллик минг ул сори қалмоқ ҳам

Яна юз минг ўзбек, мўғул, барлос ҳам.

Энди ўзбек номи ҳақида озроқ чекиниш қилиб бу қутлуғ ном тарихини ёзган кўплаб заҳматкаш тарихчи, тилчи, атамашунос, этнонимшунос...лар Ўзбек номини зўр-базўр X-XI асрга тақаб турибди.

Бу ҳолда “Садди Искандарийдаги қарийб 3 минг йил олдинги уруш жараёнида иштирок этган аждодларимиз бўлган Ўзбеклар ҳақида қандай хулосага келасиз? Ўтмишдаги бўлган бу жанг тафсилоти тарихий воқеа. Унда қатнашган элат, уруғ-халқнинг номи ҳозир ҳам рус, хитой, арман, араб, мўғул, манғит, қалмоқ, ўзбек, барлос, черкас, ҳинд, юнон, гуржи, форс ва бошқалар ҳозир ҳам ўша ном билан яшаб келмоқда-ку. Нега энди биз ўша катта жангда иштирок этган, тарихий достонда Алишер Навоийдай буюк даҳо ифодалаб ёзган реал ҳақиқатдан кўз юмишимиз керак?

Ўзи айтганидай:

Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам", яъни бутун туркий қавм-элатларни қўшин тортмай қалам кучи билан бирлаштирдим”, деб ёзганида у нақадар ҳақ эди. Эндиликда нафақат туркий халқлар, балки Европа, Америка, Африка, Осиёдаги барча халқлар маърифат истаб – ўз тилларида Навоий ижодидан баҳраманд бўлмоқда.

Бу ўзбекнинг фахри, ўзбекнинг ғурури эмасми!

Хулоса қилиб айтганда, элсевар, эрксевар, навосиз улуснинг навобахши Алишер Навоий ўзининг ниҳоясиз иккинчи ҳаётини, унинг барча ғоялари ушалган бир даврда илғор башариятнинг фаол замондошларига айланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудига 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори улуғ бобомиз Навоий руҳини шод этиб, янги навоийшунослик соҳасига кенг имкониятлар яратади.

Бинобарин, ушбу қарор ижроси улуғ шоир таваллуд топган 9 февраль санаси атрофидагина амалга ошириладиган тадбирлар мажмуаси эмас, балки йил давомида ижоди, у қолдирган улкан, бой мерос

ўрганиладиган, тадқиқ этиладиган ҳужжат. Қолаверса, Навоий қитъалар аро инсонлар қалбида абадий эсланади, эъзозланади.

Мирзаҳамдам Боймуродов,

навоийшунос–зиёли.