Наврўз — ҳамжиҳатлик айёми

Самарқанд шаҳридаги “Панжоб” мадрасасида шу номдаги ашула ва рақс дастасининг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган концерт дастури бўлиб ўтди.
Чинакам байрам сайлига айланган тадбирда шаҳар маҳаллалари томонидан баҳорий пишириқлар ярмаркаси ташкил этилди. Концерт аввалида элимиз суйган санъаткорлар, “Зарафшон” доирачилар ансамбли, 3-болалар мусиқа ва санъат мактаби жамоасининг чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
— Ансанблимиз ташкил этилганига кўп бўлмаган бўлса-да, унга қизиқувчи ёшлар сони ортиб бормоқда, — дейди Самарқанд давлат университетининг анъанавий хонандалик таълим йўналиши 2-босқич талабаси Диёра Жафарова. — Наврўз бирдамлик ва ҳамжиҳатлик айёмидир. Шу боис концертимизда шашмақом, озорбайжон, эрон ва бошқа халқлар санъатини кўрсатяпмиз. Келажакда репертуаримизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
Ансамбль аъзолари томонидан ижро этган куй-қўшиқлар, турли халқлар маданиятини тараннум этувчи рақслар, хусусан, Наврўз ҳақидаги форсча қўшиқлар барчага манзур бўлди.