Нега озиқ-овқат дўконларида муддати ўтган, истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар сотиляпти?

Вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ички истеъмол бозорида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавфли бўлган сифатсиз маҳсулотларнинг сотилишига йўл қўйилмаслик мақсадида кузатув-ўрганиш тадбирини ўтказди.

Ўрганишларга кўра, Самарқанд шаҳар “Темирйўл деҳқон бозори"да фаолият юритаётган тадбиркор М.Б.га тегишли савдо дўконида истеъмолга яроқсиз 19 турдаги маҳсулотлар сотилаётгани аниқланди. Жумладан, қандолат маҳсулотлари, калбаса, сосиска, шоколад ва сариёғ каби (жами 71 дона) истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш учун пештахтага қўйилган. Бозор ҳудудидаги яна бир тадбиркор Б.М.га қарашли савдо дўконида инсон саломатлиги учун яроқсиз бўлган маҳсулотлар ҳам мавжуд. Дўкондаги ўсимлик ёғи, майонез, сариёғ, лағмон, пишириқ маҳсулотлари (жами 21 дона)  истеъмолга яроқлилик муддати ўтган бўлса-да, савдодан олинмаган. Тадбиркор Ж.М.нинг савдо дўконида ҳам истеъмолга яроқсиз сариёғ, чой ва угра лағмони ярим тайёр (жами 4 турдаги 22 дона) яроқсиз маҳсулотлар сотилаётгани кузатилди.

Тадбиркорлар С.К. ва М.Шга қарашли савдо дўконлари кўздан кечирилганда истеъмолга яроқсиз бўлган барака ун оши, "сухарик"лар, зиғир ёғ, сариёғ, ўсимлик ёғи, ярим тайёр лағмон, қуюлтирилган сут маҳсулотлари (жами 53 дона) борлиги аниқланди. 

Булунғур туманидаги ўрганишларда хусусий корхона раҳбари Ш.Г.га қарашли дўконда 2 нафар ишчи тиббий кўрикдан ўтмаган ҳолда спиртли ва яхна ичимликлар чакана савдоси билан шуғулланаётгани маълум бўлди.  Дўконда 6 турдаги маҳсулотда яроқлилик муддати кўрсатилган, аммо ишлаб чиқарилган санаси ёзилмаган. Савдо растасидаги 12 дона спиртли ичимлик ва 2 турдаги 14 дона яхна ичимликнинг яроқлилик муддати ўтиб кетган.

Туманнинг Меҳржон маҳалласидаги Х.Д. раҳбарлик қилаётган масъулияти чекланган жамиятда ҳам ишчилар тиббий кўрикдан ўтмаган. Дўконда кўп ҳажмда маркировкасиз озиқ-овқат маҳсулотлари мавжуд. Шунингдек, савдо дўконидаги 10 турдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотларида яроқлилик муддати кўрсатилган, бироқ бу ерда ҳам маҳсулотнинг ишлаб чиқарилган санаси йўқ. Расталардаги қўзиқорин тузламаси, писта ёғи ва қуюлтирилган сут маҳсулотларининг яроқлилик муддати ўтиб кетган.

Шу маҳалладаги тадбиркор Қ.Ю.га қарашли савдо дўконида ҳам ходимлар тиббий кўрикдан ўтмаган. Дўкондаги 30 хилдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотида яроқлилик муддати кўрсатилган, лекин ишлаб чиқарилган санасини топиб бўлмайди. Савдодаги томат, кўкнўхат, йогурт ва кўп миқдорда колбаса маҳсулотларининг яроқлилик муддати ўтиб кетган бўлса-да, расталардан олинмаган. Бу тадбиркорлар инсоннинг саломатлигидан кўра сифатсиз маҳсулотдан фойда олишни кўзлаган.  

Тумандаги яна бир тадбиркор Ю.Ш.га қарашли дўконда ҳам тиббий кўрикдан ўтмаган ходимлар кўп ҳажмда маркировкасиз озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланмоқда. Дўконда 40 турдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотда яроқлилик муддати кўрсатилган, аммо қачон ишлаб чиқарилгани ёзилмаган. Савдодаги ун оши лапшаси, конфетлар, қуруқ чой ва колбаса маҳсулотларининг яроқлилик муддати ўтиб кетган.

Мониторинг давомида Самарқанд шаҳар ва туманлардаги 9 та савдо объектидан жами 330 дона истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланди. Ушбу маҳсулотлар савдо расталаридан олиниб, аҳолига сотилишининг олди олинди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

жамиятлари вилоят ҳудудий бирлашмаси ахборот хизмати.