Самарқанддаги бир қатор дўконларда муддати ўтган маҳсулотлар аниқланди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш йўналишида бир қанча мурожаатларга асосан ушбу соҳада фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъектлар ўрганилди.
Ўрганиш давомида ўнга яқин дўкон расталарида истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар сотиш учун тургани аниқланиб, ҳамкор ташкилот вакиллари билан биргаликда қонунга белгиланган тартибда таъсир чоралар кўрилган, келгусида истеъмолга яроқсиз маҳсулотларни сотилмаслиги тўғрисида тушунтиришлар ва огоҳлантиришлар берилган.
- Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги савдо дўконидан яроқлилик муддати ўтган 22 дона “Tudor” чой маҳсулоти, 5 дона калбоса маҳсулоти, 8 та “Кремлёвские сушки” печенье маҳсулоти, яроқлилик муддати кўрсатилмаган ширинликлар, жами 39 турдаги истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар савдо растасига турганлиги аниқланди, - дейди Бошқарма бош мутахассиси Шерзод Салоҳиддинов. - Бундан ташқари, фуқаро мурожаатига асосан “Р.Ш” ЯТТ тегишли савдо дўконида муддати ўтган 2 пачка “BAYCE” чой маҳсулоти, 1 банка “DIYOR” бодринг маҳсулоти, 1 дона майоез маҳсулоти, жами 4 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддати ўтганлиги аниқланиб, тегишли тартибда таъсир чоралари кўрилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили вилоят ҳокими иштирокида ўтказилган йиғилишда айрим дўконларда ҳатто бир ёшга етмаган болалар озуқаларининг ҳам муддати ўтиб кетгани кескин танқид қилинган эди.