Нега яқин қариндошли никоҳдан бола носоғлом туғилиши мумкин?
Биз бугун яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ва уларнинг зарарли томонлари тўғрисида тиббиёт нуқтаи назаридан фикр билдирмоқчимиз.
Яқин қариндошлар деганда биз ака-ука, опа-сингил, ака-сингил, опа-ука, тоға-амаки, амма-холалар қудачиликларини тушунамиз. Бундай қудачилик 10-15 йил муқаддам кўп учрарди. Ҳозир анча камайган. Аммо Ургут, Самарқанд туманларида учраб туради. Айримлар ҳозиргача никоҳ ҳам оилани, ҳам қариндошликни мустаҳкамлайди, деган тушунча билан юрибди.
Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг оқибатлари тўғрисида Имом Fаззолий ўзининг "Иҳёу Улум ад-дин" китобида Пайғамбар алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: "Яқин қариндошларга уйланмангизлар, фарзанд нимжон бўлиб дунёга келиши мумкин". Шунинг учун ҳам яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ оқибатида фарзандлар нимжон ва заиф туғилиши кўпроқ кузатилган."Ирсият етти пушт суради", деган гап бекорга айтилмаган. Қиз берганда ёки ўғил уйлантирганда етти пуштини суриштириш ҳам шундан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас.
Статистик маълумотларга кўра, қариндош бўлмаган оилаларда туғилаётган ҳар мингта гўдакдан иккитаси ногирон бўлиб дунёга келса, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган болалар мажруҳлиги икки-уч баробар кўп экан.
Мамлакатимизда ҳар йили 0,5-1,5 фоизгача болалар ҳар хил туғма нуқсонлар билан туғилади. Айтиш лозимки, туғма нуқсонларнинг пайдо бўлиши кўп факторли жараён ҳисобланади (ҳомиланинг шаклланишига бир нечта сабаб таъсир қилиши мумкин), аммо бу сабабларнинг орасида яқин қариндошлик никоҳ энг асосий сабабдир.
Нега яқин қариндошли никоҳдан бола носоғлом бўлиб туғилиши мумкин?
Қариндошларда генлар ўзаро ўхшаш бўлади. Бу генларда бўлғуси боланинг ҳар бир ҳужайраси қандай тузилишда бўлиши ҳақида маълумотлар сақланади. Агар бир-биридан жуда узоқ, ўхшаш бўлмаган генларда касаллик белгиси сақланса ҳам иккинчи ген ундан устун келиши мумкин ва касаллик юзага чиқмайди. Яқин қариндошларда эса мабодо касаллик ташувчи генлар бирлашса, уларнинг иккаласи ҳам белгининг, яъни касаллик ривожланишини таъминлайди. Бу хавфли. Демоқчиманки, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ нуқсонли бола туғилиши эҳтимоллигини жуда оширади.
Яқин қариндошларда рецессив ген бир неча авлод давомида доминантлик қилмай юриши (касаллик келтирмаслиги) мумкин. Лекин, албатта, бориб-бориб генетик касалликка олиб келиши мумкин. Шунинг учун баъзи бир оилаларда "Ҳеч нарса қилмайди, мана фалончилар ҳам яқин қариндош, улар никоҳ қурган, лекин барча болалари соғлом", дейишга асос йўқ. Кейинчалик, албатта, маълум нуқсонлар учрайди.
Нуқсонли ривожланишлар билан туғилган болаларни даволаш билан шуғулланганимиз учун ёш оилада бола ўлик туғилиши мумкинлигини яхши биламан. Бу ҳолат жамиятнинг ҳам фожиасидир. Бизда жуда кўп мисоллар, расмлар бор, лекин орият, ахлоқ нуқтаи назаридан уларни келтирмоқчи эмасмиз.
Мамлакатимизда авлодимиз соғлом бўлиши учун жуда кўп ишлар қилинмоқда. Барча вилоятларда скрининг марказлари, уларнинг филиаллари ташкил қилинган. Бу марказлар бугунги кун талабига жавоб берадиган даражада жиҳозланган. Бу масканларда ҳомиланинг бирламчи босқичларида нуқсонли ривожланишларни аниқлаш имконияти бор. Бундан ташқари, барча никоҳланувчилар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу ҳам анча-мунча салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.
Бу имкониятлардан фойдалансак, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларни тўхтатсак, албатта, авлодимиз соғлом бўлишига эришамиз. Мактабларнинг юқори синфларида, коллежларда, олий ўқув юртларида "Оила ва никоҳ" мавзусида дарслар ўтилиши лозим, деб ҳисоблайман.
Маматқул АЗИЗОВ,
вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи, тиббиёт фанлари доктори.