Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифи: вазият қандай тус олиши мумкин?
Кеча бутун дунё матбуотининг нигоҳи Ненси Пелосининг Тайванга ташрифига қаратилгани бежизга эмас. Чунки Хитой томони агар АҚШ расмийси Тайванга келса, ҳатто самолёт уриб туширилишини ҳам истисно қилмаганди.
Шу сабабдан бўлса керак, НҲК телекомпанияси АҚШнинг саккизта Ф15 қирувчи самолёти вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосининг самолётини кузатиб бориш учун Окинавадаги базадан ҳавога кўтарилганини ҳам айтиб ўтди.
Дунё жамоатчилиги Флигҳтрадар иловаси орқали ҳам самолёт йўналишини кузатиб турди. Ва соат 19:45 да АҚШнинг учинчи шахси самолёти Тайванга қўнди. Бир қатор хориж телеканаллари онлайн транслясия орқали бу жараённи эфирга узатди.
Гарчи икки томон баёнотлари кескин кўриниш олган бўлса-да, мазкур ташрифни қайсидир маънода тинч ўтди дейиш мумкин.
Ташриф аввалидаёқ Пелоси Америка Тайваннинг демократиясини оғишмай қўллаб-қувватлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. “Бугунги дунё автократия ва демократия ўртасида танлов олдида турган бир пайтда, 23 миллион аҳолиси бўлган Тайваннинг Америка билан бирдамлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ", деди Вакиллар палатаси спикери. Унинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар “статус-квони ўзгартиришга қаратилган бир томонлама ҳаракатларга” қарши.
Бугун Пелосининг Тайвандаги иккинчи куни маҳаллий парламент вице-спикери Сай Сичан билан учрашувидан бошланди. Суҳбат чоғида у АҚШ ва Тайван ўртасидаги парламентлараро алоқаларни кенгайтириш истагини билдирди.
Иккинчи учрашув - Тайван маъмурияти раҳбари Сай Инвен билан бўлиб ўтди. У Пелосига Тайваннинг фахрий "Хайрли булутлар” орденини топширди. Мазкур орден Вашингтон ва Тайбей ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришдаги хизматлари учун берилгани айтилмоқда.
Хўш, энди нима бўлади? Пекиннинг "қатъий ва қаттиқ чоралар" ҳақидаги огоҳлантиришларига эътибор берилмади. Оқ уй “ташриф суверенитет масалаларини бузиш эмас”, деб ишонтирди.
Хитой Мудофаа вазирлиги Пелосининг Тайбейга ташрифига жавобан бир қатор “мақсадли ҳарбий амалиётлар”ни эълон қилди. Вазирликнинг тушунтиришича, машғулотлар “Хитойнинг миллий суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилишга” қаратилган.
Россия ташқи ишлар вазирлиги Хитой ўз суверенитетини ҳимоя қилиш чораларини кўришга ҳақли эканини маълум қилди. Хитой ҳарбий самолётлари кечанинг ўзидаёқ Тайван бўғозини ажратиб турувчи чизиқ бўйлаб бир неча бор намойишкорона парвозларни амалга оширди. Бир қанча ҳарбий кемалар 1 августдан буён Хитой ва Тайван ўртасидаги норасмий чегара чизиғи яқинида турибди. Ҳозирча Хитой томонидан берилган жавоблардан яна бири — мамлакатга Тайванда ишлаб чиқарилган 100 турдаги маҳсулотларга тақиқ киритилганидир.
Умуман олганда, АҚШ айни вақтда кескинлик юзага келишини истамаётгани ҳам маълум. АҚШ томони Вакиллар палатасининг Республикачилар партиясидан бўлган спикери Нют Гингрич Тайванга 1997 йилда ташриф буюргани, бошқа америкалик қонунчилар оролда ўша йил бошида бўлишганини қайд этади. Шунингдек, президент Жо Байден ҳам Пелосининг Тайванга ташрифи «унча ҳам яхши ғоя эмас деб ҳисоблаши»ни айтганди. Бошқача айтганда, Байденнинг маъмурияти Пелосининг оролга ташрифини расман қўллаб-қувватламаган.
Аммо Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби Пелоси Тайванга бориш ҳуқуқига эгалиги, Оқ уй эса АҚШ Конгресси мустақиллигини ҳурмат қилишини айтган. Ўз навбатида президент ҳам спикер Тайванга ташриф буюриш ҳуқуқига эга экани АҚШнинг кўп йиллик сиёсатига мувофиқ, Пекинда ушбу эҳтимолий ташрифни қандайдир инқирозга айлантириш учун ҳеч қандай сабаб йўқ эканини маълум қилган.
Кўринадики, мазкур ташриф ортидан кўпчилик хавотирланганидек, уруш келиб чиқиш эҳтимоли кам. Бу каби ташриф аввал ҳам бўлган. Бироқ шуниси аниқки, бугунги сиёсий вазият аввалгидек эмас ва ҳарбий бўлмаса-да тез орада у ёки бу томоннинг “рақибга” қарши иқтисодий “юриши”ни кутишимиз мумкин. Қолганини вақт кўрсатади.
Гулнора Холдорова.