Непалда самолёт ҳалокати: ҳеч ким тирик топилмаган, қидирув бугун ҳам давом этмоқда
Илгари хабар берганимиздек, Непалда Покхара халқаро аэропорти яқинида самолёт ҳалокатга учраган эди. Расмийларга кўра, ҳеч ким омон қолмаган, ҳозиргача 68 кишининг жасади топилган. Самолёт бортида 72 йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган.
Yeti Airlines компаниясининг турбовинтли самолёти якшанба куни эрталаб қўнаётган вақтда ҳалокатга учради. 300 метр чуқурликдаги жардан ёнаётган қолдиқлар топилган. Қутқарувчиларнинг ишига аланга ва қуюқ тутун халал берган.
Фуқаро авиацияси бошқармаси баёнотида айтилишича, фожиа қурбонлари орасида 15 нафар хорижлик: тўрт нафар россиялик, беш нафар ҳиндистонлик, шунингдек, Жанубий Корея, Ирландия, Австралия, Аргентина ва Франция фуқаролари бўлган.
Маълум қилинишича, самолёт пойтахт Катмандудан Покхара курорт шаҳрига учаётган бўлиб, парвоз вақти одатда 27 дақиқани ташкил этган.
Катманду аэропортида йўловчиларнинг яқинлари йиғилган. Непал бош вазири Пушпа Камал Даҳал ҳам у ерга етиб келган ва воқеани текшириш учун комиссия ташкил этилишини маълум қилган.
Бу ATR 72 тарихидаги энг йирик авиаҳалокат бўлиб, бутун дунё бўйлаб авиакомпаниялар ушбу самолётлардан қисқа минтақавий рейслар учун фойдаланади.
Қидирув операцияси бугун ҳам давом этади. Расмий равишда тўрт нафар йўловчи бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган.