Хитойнинг Boeing самолётида ҳалокатга учраган йўловчилар топилмади

Қутқарувчилар Хитой жанубида ҳалокатга учраган Boeing-737 самолётининг тирик қолган ёки ҳалок бўлган йўловчи ва экипаж аъзоларини ҳозирча топгани йўқ, деб хабар бермоқда Хитой марказий телевидениеси қутқарувчиларга таяниб.

“Ҳозирги кунга қадар, қутқарувчилар воқеа жойида ҳалокатга учраган самолёт бўлаклари топилган, бироқ бедарак йўқолганлар ҳали топилмаган”, — деб хабар берди телеканал.

Тоғли ҳудуд қидирув ишларига қийинчилик туғдиришига қарамасдан, қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. 

Global Timesнинг хабар беришича, ҳалокат жойида йўловчиларнинг ёниб кетган шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, ҳамёнлари ва бошқа буюмлари топилган.

Илгари хабар берганимиздек, Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном вилоятининг Учжоу шаҳри Тенг туманида China Eastern Airlines авиакомпаниясининг йўловчи самолёти ҳалокатга учради ва ўрмон ёнғинига сабаб бўлди. Бортда 132 киши, жумладан 123 йўловчи ва тўққиз нафар экипаж аъзоси бўлган.