Никоҳ шартномаси биз учун "бегона" эмас
Бу ҳақда Фуқаролик кодексининг 354-моддасида ҳам билдирилган. Оила кодексининг 29-моддасига биноан никоҳ шартномаси никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр-хотиннинг никоҳда бўлган даврда ёхуд эр ва хотин никоҳдан ажралган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишувдир. Оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, бундай шартномада никоҳланувчи шахсларнинг никоҳдан аввалги ва кейинги мол-мулки кимга тегишли эканлиги аниқлаштириб олинади. Ушбу келишув ҳамда унинг фойдали томонлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида мақолалар эълон қилиб борилади. Аҳолига унинг қулайликлари айтилади. Аммо юқоридаги рақам бу тарғиботнинг самара бермаётганини кўрсатиб турибди, назаримда.
Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди маълумотларига кўра, 2017 йилда никоҳдан ажратиш ҳақидаги кўрилган 5 мингга яқин ишдан 3 минг 595 таси ажралиш билан якун топган. Ажрашган оилалар мол-мулк бўлиниши юзасидан ҳам судга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда. Эркак кишининг мол-мулки асосан, ота-онаси, қариндошлари номида бўлиши она ва болалар манфаатига салбий таъсир кўрсатади. Бу воқеалар атрофимизда бўляпти ва фарзандлари билан ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмай қолаётган оналар ҳақида ҳам эшитяпмиз.
– Никоҳланувчиларга никоҳ шартномаси ҳақида тушунтирганимизда кўпчилик бизга шунчалик ваҳима билан қарайдики, ҳатто гапимизни охиригача эшитгиси ҳам келмайди, – дейди Самарқанд шаҳридаги 2-сон ФҲДЁ бўлими мудири Замира Аҳмедова. – "Нима, бу оила ажралиш учун қуриляптими? Нафасингизни иссиқ қилинг", – деган танбеҳ эшитган пайтларимиз ҳам бўлган. Қонуний жиҳатдан бу ихтиёрий келишувдир. Никоҳланувчи шахсларнинг саломатлигини ўйлаш мақсадида бугунги кунда тиббий кўрик мажбурий этиб белгиланди. Эҳтимол, никоҳ шартномасини тузишни ҳам мажбурий қилиш ўша оиланинг келгусида турли нохушликларга дуч келмаслиги учун шароит яратар?
Ҳақиқатан ҳам арзимас нарсалардан жанжал чиқариб, оилавий келишмовчиликлар туфайли ажрашаётган оилалар никоҳ шартномаси бўлгач, оилани сақлаб қолишга уринар? Ахир ажрашгач, на ота-онаси, на қариндошларининг уйига сиғмай азоб чекаётган аёллар камми?
– Мамлакатимизда йигит-қизлар асосан, ҳали бирор мол-мулкка эга бўлмаган пайтда турмуш қуради, – дейди Самарқанд шаҳридаги 12-сон давлат нотариал идораси нотариуси Шаҳло Исмоилова. – Ота-онаси қарамоғида бўлган фарзанд эса мол-мулк билан боғлиқ келишувларни ҳам мустақил равишда амалга оширолмайди. Ота-оналар бу масалага жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишади. Қолаверса, мол-мулкни бўлишиш ҳақидаги фикр қиз томондан билдирилса, бу оилага шубҳа билан қараб, ёшларнинг турмуш қуришига қаршилик қилмоқчи бўлган ота-оналар ҳам бор. Тўғри, никоҳ шартномасида нафақат бор мол-мулк, балки келгусидаги, биргаликдаги ҳаёти давомида орттирилган мулк ҳам кимга тегишли бўлишини белгилаб қўйиш мумкин.
Дарвоқе, никоҳ шартномаси икки томон манфаатлари учун фойдали эканини таъкидлаш лозим. Аввало, ажримдан кейин уларнинг суд идораларига қатнаб юришига ҳожат қолмайди. Ушбу шартнома тузилган тақдирда эркак киши ўз номида уй бўлса-ю, аммо ўзи чет элга кетган бўлса, уй билан боғлиқ расмий ҳужжатларда рафиқаси иш юритиши мумкин.
Гулруҳ МЎМИНОВА.