Нодир Жонузоқ: "Шеърларим — безовта юрагимнинг кардиограммаси"
Бугун таниқли шоир Нодир Жонузоқ таваллуд топган кун. У 1976 йил 14 мартда Булунғур туманида туғилган.
Унинг “Сизни севар эдим”, “Меҳрибоним” шеърий тўпламлари, “Ўн етти лаҳза”, “Нилуфар”, “Синиқ ой” каби бир қатор достонлари бор.
Телетомошабинлар Нодир Жонузоқнинг “Ёзувчи ва замон”, “Шеър ва шуур”, “Гап чиқди”, “Оқ ва қора”, “Шахсий фикр”, “Ҳаёт гўзал!”, “Ижодий учрашувлар” сингари кўрсатув ва ток-шоуларини ҳам яхши билади.
Кўп йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритган ва раиснинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. 2022 йилда Ўзбекистон Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари вазифасида ишлаган.
Бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари бўлиб ишламоқда.
- Шеърларим — безовта юрагимнинг кардиограммаси, - дейди Нодир Жонузоқ. - Навоий, Машраб каби буюк шоирлари бор халққа ўзингни шоир дея танитиш жуда ҳам ноқулай. Лекин ўзингча бирон нарса қоралагандан кейин уни ўқимасликнинг, чоп этмасликнинг ҳам иложи йўқ. Ҳеч бўлмаганда, биронта шеърим кимгадир маъқул бўлса — бахтиёрман.
***
ХАТ
Ая,
Аяжоним,
Меҳрибон аям,
Айтинг, юрибсизми
Масрур, саломат?
Ўзингизни асранг,
Мен учун аянг:
Сиз борсиз — мени тарк айламас омад.
Меҳрингиз туяман ҳар бир қаричда,
Олисдан сезаман дуонгиз кучин.
Сиздан нур ташийди юз минг фаришта
Менинг йўлларимни ёритмоқ учун.
Ўйланманг,
Тетикман,
Ишим жойида —
Кўксимда орзулар ётибди чақнаб.
Зувалам пишганми ойнинг лойидан,
Гоҳида меҳрга қолсам-да чанқаб —
Оламга муҳаббат пуркагим келар,
Севгига ғарқ бўлсин дейман она ер.
Қалбимни парилар қўлма-қўл элар,
Тунлари ухлолмай ёзарканман шеър.
Тўғри, сиқиламан баъзан,
Нима наф,
Кимга керак, дейман, қуйма байтларим.
Шоирлик мен учун эди-ку шараф
Ёнингизда ўйнаб юрган пайтларим…
Сиздай силамади бошимни ҳаёт,
Қозонда қоврилдим, қайнадим, пишдим.
Ва бугун ўзимга қарасам, ҳайҳот,
Нигоҳим бегона одамга тушди!?
У менга ўзича беради танбеҳ,
Оғамдай турткилаб йўлига солар:
«Болангга ош бўлмас қофия, ташбеҳ,
Нима керак сенга қуруқ ғавғолар?!
Одамдай яшагин,
Яша шўх-хандон,
Ахир, йўқ эмас-ку сенда лаёқат.
Қадрингга етишмас куйсанг-да чандон,
Уй қур,
Машина ол,
Қилгин саёҳат…»
Унга жим боқаман,
Қилмасман таъна,
Уни тушунаман — ўзича ҳақдир.
Лекин нима қилай, аяжон, яна
Мени оловларга йўлласа тақдир?!
Нетай, яшолмасам хотиржам, сокин,
«Қўлингга қалам ол, — деса бир овоз, —
Ҳар бир сўзимизни ёзиб ол, ёки
Биз сендан бутунлай кечажакмиз воз!»
Ая, бу мен учун энг оғир кулфат,
Ая, менга бундан ортиқ ғам йўқдир.
У — менинг руҳимга азалий улфат,
У борки қорним ҳам, қалбим ҳам тўқдир.
Кўзимга кўринмас гоҳида дунё,
Унинг васли билан яшайман сармаст.
У келса — мўъжиза бўлади бунёд,
У келса — ҳар қандай оғриқ писандмас.
Биламан,
Сиз учун сўзларим чигал,
Беҳуда ўйинга ўхшайди балки.
Гўёки кирволиб ғилоф ичига,
«Коинот — шу», дея этяпман талқин.
Бироқ маслагим шу,
Тетикман, ая,
қўлимдан тутгандай Хизрнинг ўзи.
Дамба-дам тўсиқлар, ғовлар чиқсаям,
Манзилга етамиз ёвлардан ўзиб.
Меҳрингиз туяман ҳар бир қаричда,
Олисдан сезаман дуонгиз кучин.
Сиздан нур ташийди юз минг фаришта
Менинг йўлларимни ёритмоқ учун.
Қалбимдай чечакка тўлганда қишлоқ,
Қонимдай гупирса лойқа ариқлар —
Мен кириб бораман тойчоқдай кишнаб,
Тўзғиб кетар барча алам, оғриқлар.
Унгача чиданг Сиз,
Чарчаманг, ая,
Масрур бўлинг доим,
Бўлинг саломат.
Ўзингизни асранг,
Мен учун аянг:
Сиз борсиз — мени тарк айламас омад…
ҚИШЛОҚ
Барибир қайтаман…
Олифта шаҳар —
ялтироқ йўллару сунъий гузарлар
илону чаёндай чирмашиб чақар…
Дод солиб қолса-да дардсиз гўзаллар —
барибир қайтаман,
қайтмасам бўлмас;
қайтаман энг тоза шеърларим билан.
Қишлоқ пешвоз чиқар,
чиқар басма-бас —
мен суйган қизлар ҳам…
…эрлари билан!
***
Нафасингиз — энг хушбўй атир,
Оразингиз истамас ғоза.
Эрон қизи — Шаҳина надир,
Гулгунроқсиз ундан, Шаҳноза.
Кўзингизда мавж уради Бахт,
Сиз енгилсиз, лекин чўкасиз.
Сал жилмайсам — куласиз қаҳ-қаҳ,
Сал инжилсам — кўзёш тўкасиз.
«Мени шунча суясизми?!» — деб
Расмингиздан ҳар кеч сўрадим.
«Уялтирманг одамни ҳадеб» —
Қизарди у…
Менинг суратим
Сизга нени қилар ҳикоя?
Билмайди-ку ичкин ғайбимни —
Сурат сийрат эмас-да, шояд
Кўпиртирмагандир айбимни…
Мен ҳақимда майда гаплар кўп:
Қанча нозик қўлчани ўпган…
Сиз ишонманг! Ҳаммаси кўпик,
Кўнглим аён эмас-ку кўпга.
Биласиз-ку касбу коримни,
Севги дея не кўйга тушдим.
Унутдимми йигит оримни?!
Гарчи букун ҳаммаси тушдир…
Сиз эртакдан чиқиб келдингиз,
Этагингиз ўпар ҳурлар ҳам.
Қошингизда — иккита денгиз,
Ҳар томчиси жонимга малҳам.
Ёш тўкасиз — инжилсам агар,
Сал жилмайсам — қаҳ-қаҳ куласиз.
Эй, руҳимни куйдирган ахгар,
Қачон менга ҳамдам бўласиз?
Чайқаламан тиғдай расанда,
Танҳоман-ку, келинг — тоқсиз Сиз.
Мен Есенин бўлолмасам-да,
Шаҳинадан сулувроқсиз сиз!