Ногиронларга яратилган шароитлар мониторинги очиқланди

Имконияти чекланган инсонлар учун жойларда қандай шароитлар яратилган? Улар бугун бошқалар фойдаланаётган онлайн давлат хизматларидан қандай фойдаланмоқда? Тегишли жамиятлар бу масалада ниалар қиляпти?

Вилоят Матбуот уйида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шерикчилик бўйича Жамоат комиссиясининг навбатдаги йиғилишида шу каби масалалар муҳокама этилди.

Президентимизнинг “Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган йиғилишда вилоят Кенгаши депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва давлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг вилоят бўлими бошлиғи Д.Маликов томонидан жорий йилда амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти тингланди.

- Имконияти чекланган инсонлар учун яратилган шароитлар бўйича доимий равишда жамоатчилик назорати, мониторинг олиб борамиз, - дейди Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси вилоят бўлими раҳбари Л.Эрназаров.  – Ўтган йил вилоятдаги бир нечта банкларда, тиббиёт муассасалари, умумтаълим муассасаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитларни ўрганганимизда бир қатор камчиликлар аниқланди. Умумий олганда, асосий камчиликлар пандуслар, бино ичида ҳаракатланиш учун лозим бўлган шароитлар билан боғлиқ. Бу бўйича таклифларимизни шу корхонага албатта, етказамиз. Ушбу таклифларнинг ўртача 40 фоизи инобатга олиниб, шароитлар яхшиланганини кузатиш мумкин.

Аммо шу билан бир қаторда кейинги пайтларда аҳоли учун замонавий шарт-шароитлар яратилаётган бир пайтда ногиронлиги мавжуд баъзи инсонлар учун ҳамон қулайлик йўқ. Хусусан, ҳозирда эшитишда нуқсони бор инсонлар банкдан онлайн кредит олиши, деярли имконсиз. Қолаверса, ишга жойлашишда ҳам айнан шундай инсонлар учун кўп муаммолар бор. Уларнинг ечими бўйича таклифларимиз инобатга олиниб, айни пайтда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан лойиҳа тайёрланмоқда. Айни пайтда давлат хизматлари кўрсатиш учун уларга етарлича шарт шароитлар яратилган.

Йиғилишда Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти ва Ўзбекистон ногиронлар ассоциациясининг вилоят бўлимлари раҳбарларининг тегишли ҳудудлардаги ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, жамиятда ўз ўрнини топишида кўмаклашиш борасида амалга оширилган ишлари ҳисоботи эшитилди.

Тадбир сўнгида жамиятлар ва ногиронлар уюшмаси вакилларининг мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлари тингланди.