Ногиронлиги бўлган болалар соғломлар орасида ўзини қандай ҳис қиляпти?

Кейинги йилларда айрим имконияти чекланган болалар уйида ёки махсус мактаб-интернатларида эмас соғлом ўқувчилар қаторида умумий ўрта таълим муассасаларида тарбияланяпти, билим оляпти. Бу мамлакатимизда жорий этилган инклюзив таълим тизими имкониятидир.

Самарқанд шаҳридаги 81-мактабда имконияти чекланган 10 нафар бола таълим-тарбия олмоқда.

- Улар тенгдошларидан қолишмасдан, ёрқин келажакка бўлган қатъий ишонч билан ҳаракат қиляпти, - дейди мактаб директори ўринбосари Аслиддин Неъматов. – Биргина рус тилига ихтисослашган 4-синфда 2 нафар ана шундай ўқувчи таълим-тарбия оляпти. Уларга тажрибали ўқитувчи, халқ таълими аълочиси Муҳайё Деҳқонова устозлик қилади.

Мактабда ушбу ўқитувчи томонидан очиқ дарс шаклида маданий тадбир ташкил қилинди.

- Имконияти чекланган икки нафар ўқувчим 2021 йилда мактабга келганди, - дейди  М.Деҳқонова. – Бошида уларнинг тенгдошларига қўшилиб кетиши қийин бўлди. Ота-оналар ҳам жуда хавотирда эди. Уларни 4 йил давомида бағримга босиб, порлоқ келажакка ишонтиришга ҳаракат қилдим ва меҳрини қозондим. Мени қувонтиргани, тадбирни кузатган меҳмонлар унда иштирок этган ўқувчиларим орасида имконияти чекланган болалар борлигини сезмабди. Улар соғлом тенгдошлари қатори шеър айтди, қўшиқ куйлади ва рақсга тушди. Бу болалар мактабга келганидан бери саҳнага биринчи марта чиқиши бўлса-да ўзларини жуда яхши тута олди.

Бугунги кунда вилоятимизнинг 14 та шаҳар ва туманлари ҳудудида жойлашган 56 та мактабда алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган 97 нафар бола ўқийди. Бу имконияти чекланган бўлса-да уларнинг соғлом тенгдошлари қаторида таълим-тарбия олиб, келгусида жамиятда ўз ўрнини топиши учун имкониятдир.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Ҳусан ЭЛТОЕВ.

Эъзоза МЕЛИЕВА.