Ноҳақ ишдан олинган боғча ходими вазифасига тикланди

Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимига Н.Сиддиқова ва Ю.Дияровалар мурожаат қилиб, бузилган ҳуқуқларини тиклаб берилишида қонуний ёрдам сўраган.

Аниқланишича, Н.Сиддиқова 18-мактабгача таълим ташкилотида 2010 йил март ойидан буён тарбиячи лавозимида ишлаб келаётган бўлган. Мактабгача таълим ташкилотининг 2019 йил 22 ноябрдаги 88-буйруғига кўра, у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси, 2-қисми, 3-бандига асосан бекор қилинган.

Ўрганишларга кўра, Н.Сиддиқова билан меҳнат шартномаси бекор қилинишида бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган. Жумладан, Н.Сиддиқова меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида иш берувчи томонидан огоҳлантирилмаган.

Меҳнат кодексининг 102-моддаси, 5-қисмига кўра, меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда (100-модда, иккинчи қисми 3 ва 4-бандлари) иш берувчи ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида камида уч кун олдин хабардор қилади ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўлайди.

Шунингдек, меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ Н.Сиддиқованинг яшаш манзилига 2019 йил 25 ноябрда, яъни буйруқ қабул қилингандан 3 кундан кейин почта алоқа бўлими орқали юборилган. Меҳнат дафтарчаси эса бугунги кунга қадар берилмаган.

Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 108-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.

Меҳнат кодексининг 101-моддасига кўра, башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди.

18-мактабгача таълим ташкилотининг 2019-2021 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 20-бандига асосан ходимларнинг меҳнат шартномасини касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олмай туриб, иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Ташкилот касаба уюшмаси қўмитасининг 2019 йил 12 ноябрдаги йиғилиш қарорида Н.Сиддиқова 2019 йил 6 ноябрда қоидабузарликка йўл қўйганлиги сабабли у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш маъқулланган.

Лекин касаба уюшма қўмитаси раиси вазифасини бажарган Д.Джалолованинг берган тушунтириш хатида кўрсатилган санада мажлис ўтказилмаганлиги, мудира М.Якубова фарзанди туғилганлиги учун суюнчи пулига тайёрланган ҳужжат “ҳисобчимиз сўраяпти, тезда имзо қўй” деб айтгани учун ҳужжатлар билан танишмасдан, имзо қўйиб берганлигини баён этган.

Қолаверса, 2019 йил 12 ноябрда ўтказилган касаба уюшмаси қўмитасининг мажлис қарорида ҳам 18-МТТ мудираси томонидан берилган тақдимнома муҳокамага қўйилмаган. Бу ҳолатлар эса касаба уюшмаси қўмитасига бундай мазмундаги тақдимнома берилмаганлиги, 2019 йил 12 ноябрда касаба уюшмаси қўмитасининг мажлиси ўтказилмаганлиги ва Н.Сиддиқова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилиги олинмаганлигини тасдиқлайди.

Шу сабабли Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими томонидан судга ариза киритилди. Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2020 йил 12 февралдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, 18- мактабгача таълим ташкилотининг 2019 йил 22 ноябрдаги 88-сон буйруғи ғайриқонуний деб топилиб бекор қилинди ва Н.Сиддиқова лавозимига тикланди.

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2020 йил 12 февралдаги ҳал қилув қарори Ю.Диярова ҳам ёрдамчи тарбиячи лавозимига тикланган.

А.МАМАТОВ,

Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими бошлиғи.

А.ТИЛАВОВ,

Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси.