Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ноннинг “реал” нархи қанча? Уни назорат қилиб бўладими?

Оқдарё тумани ҳокимлиги томонидан “Бозордаги нарх-наво барқарорлиги доимий назоратда” сарлавҳали хабар эълон қилингач, изоҳларда қатор қарши фикрлар билдирилди. Мазкур хабарда тумандаги ярмаркада қолипли нон 2000 сўмдан сотилаётгани айтиб ўтилган. Ўқувчилар эса бу хабарга кескин эътироз билдириб, “бозордаги нархларни биламиз-ку”, деб фикр қолдиришган.

“Бозордаги нарх-наво барқарорлиги доимий назоратда”, деган гапнинг ўзи бозор иқтисодиёти қоидаларига зид экани ҳаммага маълум. Нарх-навонинг ўзи эмас, унга таъсир этувчи омиллар назоратда бўлса, бозорда нарх назоратсиз ҳам тушаверади. 

Умуман, гап Оқдарё ёки ярмаркада ҳам эмас. Ун ва буғдойнинг эркин биржа савдоларига қўйилишидан олдин нархлар кескин ошиши мумкинлиги таҳлилчилар томонидан айтилганди ҳам.

Ўтган ҳафта эса тегишли идоралар қолипли ноннинг 2800 сўмдан сотилишини тавсиявий тарзда (мажбурий эмас) маълум қилганди. Чунки тадбиркор унни биржадан эркин сотиб олар экан, нон нархини ҳам эркин қўяди.

Аммо деярли икки баравар ошган нарх аҳоли учун оғирлик қилиши ҳам тайин. Шу мақсадда кейинги кунларда биржага қўйиладиган ун миқдори оширилди. Бу қатъий назоратдан кўра  самаралироқ, албатта.

Хусусан, 1 июнь куни “Ўздонмаҳсулот” АЖ таркибидаги 44 та корхона томонидан 10 минг тонна ун биржа савдоларига қўйилди.

Ўтказилган савдолар бўйича 1-навли уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 497,8 минг сўмни ташкил қилганди.

Шундан сўнг мустақил таҳлилчилар қолипли нон ишлаб чиқариш қиймати ўртача 2550 сўмга тушаётганини айтишди. Хусусан, иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, юқоридаги 2550 сўмлик қийматнинг ичида тахминан:

ун 1641 сўм;

4 сўмлик туз;

18 сўмлик ўсимлик ёғи;

38 сўмлик ачитқи;

37 сўм ун ташиш.

Қолипли ноннинг тан нархи шундай бўлгач, газ, электр сарфи, ишчиларга тўланадиган меҳнат ҳақи, нонни савдо дўконига етказиб бериш харажатлари, солиқлардан келиб чиқиб, у бозор ва дўконларда 2550 сўмдан қимматга сотилиши тайин.

Демак, ягона ечим шу — биржада ун маҳсулотини яна ҳам кўпайтириш. Чунки биржа платформаларида сотув ҳажми пайдо бўлиши билан улгуржи ун сотувчиларда ҳам ун таклифи кескин кўпайган.

Нима бўлганда ҳам, айни вақтдаги эркин нархлардан истеъмолчи рози эмас ва тез орада (ҳозирда ғалла ўрим-йиғими бошланган) бозорда ғалла таклифи, унинг ортидан ун таклифи яна кўпайишидан ва нархлар тушишидан умид қиламиз. 

Кеча Самарқандда ноннинг қанчадан сотилаётганини билиш мақсадида дўконларга кирдик. Самарқанд шаҳридаги энг йирик савдо дўконларидан бири – Korzinka.uz`да қолипли нон нархи 2990 сўм деб ёзиб қўйилган. Хуллас, иккита “буханка”ни 6000 сўмга сотиб олдик. “Саватча” дўконида ҳам қолипли нон нархи 3000 сўмга яқин. Бошқа кичик дўконларда ҳам худди шундай — 3000 сўм.

Истиснолар ҳам бор: Масалан, Самарқанд шаҳридаги farovon.uz савдо мажмуасида қолипли нон 1500 сўмдан сотилмоқда. Худди шундай, “Halal-market.uz” савдо дўконлари тармоғида ҳам нон нархи - 1500 сўм. Савдо мажмуаси масъ­улларининг маълум қилишича, қолипли ноннинг тан нархи уларгача 2300-2400 сўмдан тушмоқда. Савдо ходимларидан бири ноннинг эркин бозорда ошиб кетиши вақтинча экани, аммо бу даврда истеъмолчилар билан якдилликни сақлаш мақсадида нон нархи зарарига бўлса ҳам арзон ушлаб турилганини айтди. 

Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг энг гавжум бозорларидан саналган “Сиёб деҳқон бозори”га бордик.

- Уч кун аввал эрталаб онам “Қизим, ишдан қайтишингда иккита Самарқанд нонидан олиб кел”, деб 12 минг сўм берганди, - дейди ўзини Ҳилола деб таништирган харидор. - Хўп, деб соат 18:30 ларда “Сиёб бозори”даги нон расталарига бордим. Доим оладиган, тахминан 650-700 грамм тош босадиган ноннинг донаси шу пайтгача 6000 сўм эди. Ўша кундан донаси 7500 сўм бўлибди.

Расталарни айланиб, ноннинг нархини сўраб чиқдик. Ҳақиқатан ҳам бозорда Самарқанд нони нархи сезиларли ошган. Буни сотувчилар бир қоп уннинг нархи 31 майгача 320 минг сўм бўлгани ҳолда, ҳозир 350 минг сўм экани билан изоҳлашди.

Бу ерда оддий тандир нонлар ҳам сотилади. Пастдарғомлик сотувчи маҳаллий ун (“Оқтошдон”, “Жума элеватори”, “Самарқанддон” корхоналарида ишлаб чиқарилган)дан тайёрланган битта нонни 4000 сўмдан сотяпти. Оғирлиги 450-500 грамм чиқади. “Бир ой аввал шу нонларни 3500 сўмдан сотардик, олаётган унимизнинг бир қопи 20-30 минг сўмга ошди”, дейди у.

Чапчак нон сотадиган новвойлар билан ҳам гаплашдик.

- Бу нонни сифатли ундан тайёрламасангиз, харидорбоп бўлмайди, - дейди ўзини Ҳасан деб таништирган сотувчи. – Акам бозорга яқин новвойхонада пиширади, мен сотаман, баъзида ўзим ҳам ёрдамлашаман. “Мўътабар” навли биринчи нав ундан нон қиламиз. Бу уннинг қопи май ойида 350 минг сўмдан 400 минг сўмга ошиб кетди. Шунинг учун шу пайтгача 3,5 мингдан сотаётган нонни 4 минг сўмдан беряпмиз. Бундан арзонлаштирсак, харажатимизни қоплай олмаймиз.

Хуллас, нон нархи ҳақиқатан ҳам ошган, буни ҳамма билиб, ҳис қилиб турибди. “Нархлар барқарор”, “Барчаси назоратда”, деган баёнотлар керак эмас. Эркин бозор иқтисодиётига ўтиш, соғлом рақобат йўлини танлаш, афсуски, озми-кўпми, нархлар тебранишига чидашни талаб этади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.