Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нормамат Олимов маҳоратли журналист эди

Узоқ йиллар бир жамоада қалам тебратиб, ўзидан яхши мақола, китоб, шеър ва ҳикоя қолдирган ҳамкасбим Нормамат Олимовнинг бевақт вафоти ҳақидаги совуқ хабарни эшитиб, бошимдан совуқ сув қуйгандай жунжикиб кетдим.

Бундан анча йиллар олдин таҳририятда муҳаррир Насриддин Зайниев билан гурунглашиб ўтиргандик, хонага ёш, барваста йигит тортинибгина кириб келди. У қўлидаги қоғозни муҳаррирга узатди. Ҳаваскор қаламкашнинг ёзиб келган хабарини синчиклаб ўқиб: “Яхши, кўпроқ газета ва журналлар ўқинг, изланинг, ёзиб туринг”, деди ва уни таништирди:

- Бу институт талабаси Нормамат Олимов. Матбуотга қизиқиши баланд, келгусида журналист бўлмоқчи...

Нормамат Олимов 1957 йилда Самарқанд туманининг Боғимайдон маҳалласида туғилди. 1982 йилда Самарқанд педагогика институтини тугатиб, редакцияга ишга келди. Тез орада у ўзига хос ёзиш услубига эгалиги, маҳорати билан таҳририятда обрў қозонди. Характерида бирдан олов оладиган шиддат бор бўлса ҳам қалби дарё эди.

“Гулобод тонги” газетасининг истиқлол йилларида чоп этилган саҳифаларига кўз ташлаган киши унинг ижоди ўша йиллари сермаҳсул бўлганини сезади. У қиссалар ёзди, тожик адибларининг ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилди. Таҳририятда адабий ходим, бўлим мудири ва масъул котиб бўлиб ишлади.

Н.Олимов Самарқанд туманида юз бераётган ҳар бир янгилик, ўзгаришларни кузатар, уларни моҳирлик билан газетхонларга етказарди. 1983 йилдан буён Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси эди.

Нормамат оилада севимли ота бўлиб, тўрт нафар фарзанд ва набираларини улғайтирди.

Шафқатсиз ўлим ҳамкасбимизнинг янги-янги режаларини армонга айлантирди. Қалби дарё журналист Нормамат Олимовнинг порлоқ хотираси доим қалбимизда сақланади.

Зоҳир Ҳасанзода.