Нурмат Отабеков: Коронавирус Ер юзидан мутлақ йўқ бўлиб кетмайди, “ўзимизники” бўлиб қолади

– Халқимизда “карантин тугагач, нима қиламиз, ҳаёт тарзимиз аввалгидек хотиржам давом этадими”, сингари саволлар туғиляпти. Касаллик сизнингча, Ер юзидан умуман йўқ бўлиб кетадими? Вакцина топилгунига қадар, хусусан, келгуси бир-икки йилликда бизни нималар кутяпти, карантин тугагач, юртимизда эпидемиологик вазият қандай бўлади?

ЎзА мухбирининг юқоридаги саволига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков жавоб берди:

– Биринчидан, карантин тугагач ҳам ҳаёт давом этади. Яна жўшқин ҳаёт: оила-аъзоларининг ризқини териш учун югуриб-елишлар, фарзандлар, набира қилиқларини кўриш истаги, тўй-томошалар, чекловлар сабаб бир муддат ўтказилмай қолган тадбирлар ўтказилади ҳамда изига тушиб олгунча дастлаб тез, кейин бир маромда сокинлик билан давом этади. Коронавирус ер юзидан мутлақ йўқ бўлиб кетмайди, бироқ “ўзимизники” бўлиб қолади. Назаримда, вакцина ишлаб чиқилгунга қадар биз уни енгиб бўламиз. Балки, умуман вакцинани ишлатишга эҳтиёж қолмас, яна билмадим. “Ўзимизники” деганим – бу грипп, парагрипп, ўткир респиратор вирусли инфекциялар (реновирус, реовирус ва бошқалар) сингари коронавирус одамларда учраб турадиган яна бир респиратор касалликка айланади. Нега бундай деяпман? Негаки, вирус ўта инжиқ эмас, 90 фоизга яқин ҳолатларда касаллик енгил ва симптомсиз (клиник белгиларсиз) кечади, фақат 5-6 фоиз ҳолатларда оғир кечиши мумкин (грипп ва ўткир респиратор касалликларида ҳам шундай). Агар даволаш эрта бошланса, самара ўта юқори бўлиши мумкин. Асосийси, оддий гигиена қоидаларига риоя этиш орқали касаллик юқишидан тўлиқ ҳимояланиш мумкин.