Нуробод саноатлашган ҳудудга айланяпти

Нуробод Самарқанд вилоятидаги ҳудуд жиҳатидан энг катта туман. Майдони 486 минг квадрат километр бўлган туманда расман 4 минг 397 нафар ишсиз қайд этилган ва ишсизлик даражаси 7,2 фоизни ташкил этади.

Солиштириш учун, Жанубий Европадаги Сан-Марино шаҳрининг майдони 61 квадрат километрга тенг. Туризм бизнеси туфайли ушбу давлат ривожланган ва бой мамлакатлар қаторига киради. Ёки майдони 160 квадрат километрга тенг бўлган Марказий Европадаги Лихтенштейн князлиги ҳам туризм соҳаси туфайли ривожланган. Дунёдаги энг кичик давлатлардан бўлган Монако князлиги (майдони 2,02 кв.километр) сайёҳларнинг энг катта оқимига эга дунёдаги ягона мамлакат.

Энди Нурободга келадиган бўлсак, туманда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида саноат маҳсулотлари ҳажми 256,8 миллиард сўмни (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102,1 фоиз), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 871,5 миллиард сўмни (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 103,2 фоиз), хизматлар ҳажми 306,9 миллиард сўмни (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 107,8 фоиз) ташкил этди.

Йилнинг биринчи ярмида ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 10,9 миллион доллар, экспорт ҳажми 522,2 минг доллар бўлди.

Маълумотларга кўра, туманда мавжуд имконият ва захираларни ишга солиш орқали ҳозирда бўш турган 14 та бино-иншоотга тадбиркорларни жалб қилиб, камида 15,6 миллиард сўмлик инвестиция киритиш ҳисобига 114 та янги иш ўрни яратилади. Паст қувватда ишлаётган 2 та корхона тўлиқ қувватга ўтказилиб, йил якунига қадар қўшимча 61,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2,4 милиард сўмлик солиқ тушумлари туширилади. А-378 магистраль автомобиль йўлининг ҳудуддан ўтувчи 41-километрида 34 та янги савдо ва сервис объектларини ишга тушириб, 120 нафар аҳолини даромадли қилиш кўзда тутилган. Ҳудуддаги 32 та норуда конини тадбиркорларга таклиф қилиб, 56 миллион доллар инвестиция жалб қилиш ва 480 та иш ўрни яратиш мумкин.

Туризм салоҳияти юқори бўлган Аработа, Оқсой ва Қўрғонча маҳаллаларида йўл инфратузилмасини яхшилаш орқали йилига қўшимча 45 минг нафар туристни жалб қилиш имконияти бор.

Нурободга қизиқиш ортиб бормоқда

- Ўтган йили туманимизда тадбиркорликни ривожлантириш орқали 12 мингдан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланди ва мингдан ортиқ оила камбағалликдан чиқарилди, - дейди туман ҳокими Сирожиддин Бердиқулов. - Маҳаллаларда 338 та янги сервис объектларини ташкил қилиш орқали хизматлар ҳажми 306,9 миллиард сўмга етказилди. Туманнинг 2023-2024 йилларга мўлжалланган ривожланиш дастурига асосан, қиймати 172,5 миллион долларга тенг бўлган 79 та лойиҳани ишга тушириш ва 1253 та иш ўрни яратиш режалаштирилганди. 2024 йилда қиймати 113,7 миллион долларлик 5 та лойиҳа амалга оширилди. Ўтган йил 6 турдаги янги маҳсулотни ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, саноат маҳсулотлари ҳажми 579,4 миллиард сўмга етказилди.

Бундан ташқари, Россия Федерациясининг тўғридан-тўғри 30 миллион доллар сармояси асосида «Щeлково агрохим-Ўзбeкистон» МЧЖ қўшма корхонаси ишга туширилди.

 Австриянинг «LASSELBERGER» компанияси билан ҳамкорликда «Semix» МЧЖ томонидан 100 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияси ҳисобидан 40 гектар майдонда қуруқ ҳамда тайёр қурилиш материаллари, эмулцион бўёқлар, декоратив ва керамогранит плиткалар ишлаб чиқариш лойиҳалари доирасида 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Саудия Арабистони Халқаро туячилик ташкилотининг (ICO) тўғридан-тўғри 15 миллион доллар грант маблағлари ҳисобидан 520 гектар майдонда 3 минг бошли туячилик кооперацияси ташкил этилди ва тумандаги 34 та сиҳатгоҳ ва аҳолига шифобахш туя сути етказиб бериш йўлга қўйилди.

Наврўз маҳалласида Хитойнинг «JIANGSU DAODAO METAL TECHNOLOGY CO., LTD» ва «VIETTA777 » МЧЖ иштирокида йилига 2,4 минг тонна шакар ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этилмоқда.

Халқаро тараққиёт уюшмаси ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида «Чорвачилик соҳасини ривожлантириш 2-босқич» лойиҳаси доирасида 12,5 миллион доллар грант маблағи ҳисобидан чорвачилик соҳасида хизматларни ривожлантириш дастури амалга оширилди. Бунда 12,1 миллион доллар кредит маблағи туманимизда чорвачиликни ривожлантиришга жалб этилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига йилига 207 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватлари яратилди. Юқорида санаб ўтилганидек, ҳудуднинг катта-кичиклиги эмас, ундаги қулайлик ва шароит муҳим.

Ҳозирги кунда жаҳонда туризм давлатларнинг асосий даромад йўналишига айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Буни республикамиз, хусусан, Самарқандга келаётган сайёҳлар оқимининг кўпайганидан ҳам билиш мумкин. Оддийгина солиштирадиган бўлсак, бир неча юз минглаб аҳолимизнинг йил давомида шуғулланадиган қишлоқ хўжалиги соҳаси келтирадиган даромаддан кўра мавсум давомида туризмдан келадиган манфаатдорлик бир неча баробар кўп. Шу боис туманимизда ҳам туризмни ривожлантириш, янги масканлар қуриш, сайёҳларни жалб қилиш режаларини ишлаб чиқдик. Бунинг учун Оқсой маҳаласида, Ҳазрати Довуд қадамжоси атрофида Швейцария давлатининг « Bartholet» компанияси билан ҳамкорликда «Самарқанд канат йўллари» МЧЖ томонидан 13,5 миллион доллар (12 миллион доллар хорижий банк кредити, 1,5 миллион ўз маблағи) инвестиция маблағи ҳисобига «сайёҳларга хизмат кўрсатиш маркази» ташкил этилади.

Чорвачиликдан - саноатга

Нуробод ҳақида гап кетса, баҳорги ёмғирлар туфайли қиру адирлари яшилликка бурканган, чорваси озуқага муҳтож бўлмаган маскан кўз олдимизга келади. Аммо қишлоқ хўжалиги, хусусан, чорвачилик билан бир туманни ривожлантириб бўлмайди. Бунинг устига, етиштирилган маҳсулот, чорва териси, гўшт, сут қайта ишланмаса. Хомашё тайёрлаш билан эса катта даромадга эришиб бўлмайди. Бу жиҳатлар эътиборга олиниб, туманда «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг филиали, қўшма корхоналар ташкил этилмоқда.

-  Кўрилган чоралар натижасида 2023 йилда туманимиздан 9,7 миллион долларлик маиший техника, пластмасса эшик-ромлар ва бошқа саноат маҳсулотлари экспорт қилинди, - дейди туман ҳокими ўринбосари Ғолиб Неъматов. – Бундан ташқари, Ҳиндистон ва Хитойга озиқ-овқат маҳсулотларига қўшимча сифатида ишлатиладиган 0,3 миллион долларлик коврак шираси сотилди.

Натижани янада яхшилаш учун ўтган йилларда ишламай турган 10 та корхона экспорт фаолиятига жалб қилиниб, уларнинг умумий сони 21 тага етказилди. Жорий йилда экспорт кўрсаткичларини 17 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Йилнинг биринчи ярмида туманимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 0,24 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан икки фоиз ўсишга эришилди. Импорт ўрнини босувчи, экспортбоп саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Мисол учун, « Central Asia Company» МЧЖ негизида кафель маҳсулотлари хомашёсини ишлаб чиқариш учун 4,5 миллион доллар, «Zhongguo Daohu Qiche Zhizao» МЧЖ хусусий корхонаси томонидан юк машиналари учун тиркама ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасига 3 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди.

Хорижий сафарлар самарали бўлди

Туман раҳбарлари ва тадбиркорларнинг 2023 йил декабрь ва жорий йил январь ойларида Хитойга сафари давомида юк машиналари учун тиркамалар ишлаб чиқариш ва йиғишни ташкил этиш, кафель маҳсулотлари хомашёсини ишлаб чиқариш учун оҳак ва кварцни қайта ишлаш лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинганди.

Шунингдек, электромобиллар эҳтиёт қисмлари ва зарядлаш станцияларини ишлаб чиқариш чорва моллари етиштириш ҳамда наслчиликни ривожлантириш, ветеринария дори воситалари ишлаб чиқариш учун доривор ўсимликлар, дуккакли ва чорва озуқа экинлари етиштириш бўйича музокаралар олиб борилди. Сабзавотни консервалаш, майда шохли чорвачилик хўжалигини ташкил этиш, полиэтилен қувурлар, қишлоқ хўжалик техникалари ишлаб чиқариш, соя ва маккажўхори етиштириш, ун ва ун маҳсулотлари, кунгабоқар етиштиришни ташкил этиш борасида келишувларга эришилганди.

9-10 июнь кунлари Россия Федерациясининг Пенза вилоятига сафарда эса автоматик ёнилғи қўйиш қурилмаларини сотишга кўмаклашиш ва уларни ишлаб чиқаришни Самарқандда маҳаллийлаштириш, болаларга мўлжалланган кондитер маҳсулотлари сотишга кўмаклашиш ва уларни тайёрлаш лойиҳалари кўриб чиқилди. Пенза вилоятининг Каменск туманида 1000 гектар майдонда биргаликда қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш, туманимизда 600 бошга мўлжалланган учта гўшт ва сут йўналишидаги йирик шохли қорамоллар фермаларини ташкил этишга келишилди.

Пенза вилояти ишбилармонлари билан жами 40 миллион долларлик шартномалар тузилди. Ҳозирда бу келишувларни амалга оширишга киришилган.

Бу лойиҳалар доирасида йилнинг биринчи ярмида 11 миллион 300 минг доллар миқдорида инвестиция ўзлаштирилди. Кўзда тутилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан Нуробод осмонга термулган лалми ҳудуддан саноат ишлаб чиқариш йўлига ўтган туманга айланади.

Ўктам Худойбeрдиев.