Нурободда туризм қишлоқлари ташкил этиляпти

Вилоятимизнинг тарихий қадамжолари, мусаффо ҳавоси, гўзал табиатига эга 14 та ҳудудида, жумладан, Нуробод туманининг Оқсой, Нурбулоқ ва Сазағон маҳаллаларида туризм қишлоқлари ташкил этиляпти.

- Оқсой маҳалласида жойлашган "Ҳазрати Довуд" сайёҳлик маскани қадимдан сайёҳларни ўзига жалб қилиб келади, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Сирожиддин Хўжамиёров. – Бу ҳудуд туризм қишлоғига айлантирилса, меҳмонлар сафи янада кенгаяди. Бунинг учун зарур ишлар амалга оширилиб,  қишлоқ сайёҳларни қабул қилиш учун шай ҳолатга келтирилди. 20 дан зиёд меҳмон уйлари, 10 га яқин дам олиш масканлари ташкил этилди. Шунингдек, қишлоқда қадимий тегирмон, Ҳазрати Довуд устахонаси каби сайёҳлар эътиборини тортадиган объектлар мавжуд.

Бу туризм қишлоғида меҳмонлар учун отда сайр қилиш, бассейнда сузиш, тюнингда учиш ва бошқа шу каби қулай шароитлар яратилган.

Туманнинг Нурбулоқ қишлоғида сайёҳлар маъданли сув ёрдамида даволаниши, от ва велосипедда сайр қилиши, миллий таомларнинг тайёрланиш жараёни билан яқиндан танишиши мумкин. Туризм қишлоғига айлантирилаётган яна бир ҳудуд, Сазағонда эса жуфт бўлиб ўсадиган қадимий чинорларни томоша қилиш, шифобахш булоқ сувларидан баҳраманд бўлиш имконияти ҳам мавжуд.

Дилноза Аҳмадова,

Бахтиёр Мустанов (сурат).