Нурободнинг илк сайлови «Наврўз»да ўтди

Нуробод туманида 37 маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, айни кунларда бу маҳаллаларга раис сайлаш жараёни бошланди. Кеча фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови "Наврўз" маҳалласида намунавий тарзда ташкил этилди ва фаоллик билан ўтказилди.

Аввало, маҳалла фуқаролар йиғини раислигига муносиб номзодлар рўйхати шакллантирилишида шу ҳудуд аҳолисининг фикри инобатга олинди. Шунингдек, сайлов ҳуқуқига эга бўлган фуқаролардан 12 фоиздан кам бўлмаган миқдорда вакиллар сайланди.

Сайлов жараёни тушунтириш-тарғибот ишлари билан бошланди. Сайловга келган фуқароларга “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти, унга кўра сайлов қонунчилигига киритилган янгиликлар бўйича батафсил тушунчалар берилди.

Маҳалла фуқаролар йиғини раислигига шу ҳудудда истиқомат қилувчи икки кишининг номзоди кўрсатилди. Маҳалла фуқаролар йиғини раислигига кўрсатилган икки номзод – Асқар Қурбонов ва Бахтигул Расуловага берилган овозлар саноқ комиссияси томонидан санаб чиқилди. Сайловда иштирок этган 182 нафар вакилнинг 165 нафари Б.Расуловани ёқлаб овоз берди ва у уч йил муддатга маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайланди.

Нурали БОЙНАЗАРОВ.