Ўғирлик мол бой қилмас

Афсуски, ўзлигини унутиб, осон йўл билан бойиб кетиш истагида бўлганлар кўпаймоқда. Бундай кимсалар орасида педагогларнинг борлиги ачинарли. 
Улардан бири 37 ёшли Беҳзод Сафаров. 2 нафар фарзанднинг отаси. Сиёб тиббиёт коллежи ҳуқуқшуноси. 2012 йилда жиноят йўлига кириб, қилмишига яраша жазо олди. Бироқ "Қарға чўмилгани билан оқариб қолмайди", – деганларидек, у афсус қилмади ва жиноий гуруҳ тузиб, тезда бойиш ҳақида ўйлади.

Б.Сафаров Самарқанд педагогика коллежи ўқитувчиси, тойлоқлик Анвар Бобохонов ҳамда Тойлоқ туманида туғилган 23 ёшли ишсиз Ҳумоюн Мардоновни ўзига шерик қилиб олди. Беҳзод жиноий гуруҳи билан тайёргарлик жараёнида эски таниши Ҳусниддин Мусаевни алдаб, унинг "Нексия" автомобилини вақтинча олди ва жиноят йўлида фойдаланди. 

Беҳзод ишни пухта бажариш мақсадида "одамлари" билан қора рангли кийим, ниқоб, қўлқоп, тўппончага ўхшаш қурилма ва пичоқ билан қуролланди. Тайёргарлик жараёнлари тугагач, жиноий гуруҳдаги Анварнинг амакиси Тойлоқ тумани Бунёдкор маҳалласида яшовчи М.Бобохоновнинг хонадонига девор ошиб киришади. Жиноий гуруҳ аъзолари ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништириб (қуролларини бирин-кетин намойиш қилиб), тинтув ўтказиш бўйича ёлғон кўрсатмани уларга ўқиб эшиттиради. Сўнгра хонадон эгаси М.Бобохонов ва унинг турмуш ўртоғи, фарзандларининг қўлларини боғлаб, хонадонда тинтув ўтказишади.

 Уйдан ҳеч нарса тополмагач, жабрланувчиларга босим ўтказиб, уларнинг "Ласетти" русумли машинасидан 9 минг 865 АҚШ доллари, 47 миллион сўм ҳамда умумий қиймати 1 миллион тўрт юз минг сўм бўлган уяли алоқа воситаларини олишади. Жиноятчилар пулларни олгач, М.Бобохоновни ўзлари билан олиб кетишади ва уни Давлатобод маҳалласи ҳудудидаги камқатнов жойга ташлаб кетишади.
Жиноят жазосиз қолмайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан уларнинг кирдикорлари фош этилди. Натижада Беҳзод Сафаров 17 йил, Анвар Бобохонов ва Ҳумоюн Мардонов 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Сирожиддин САТТОРОВ,
вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи ўринбосари, адлия маслаҳатчиси.