«Ўтган кунларингни хотирласанг, бугунингга шукур қилишни ўрганасан»

Илёс ака бир ойдан буён уйда ўтириб, ўзининг тақдирига бундо-о-қ назар ташлаш имкониятига эга бўлди. Ҳақиқатдан қўлёзмалари ва шахсий архивидаги фотосуратларини бир титкиласа, қарийб 70 йиллик умри кўз ўнгида гавдалангандек бўлди.

Бошқудуқда нима кўп – сой кўп, нима кўп – яйлов кўп. Лекин ҳаммасининг ўз номи, ўз ўрни ва Илёс аканинг тақдирида қолдирган изи бор. Масалан, Оннасой. Бировлар уни Энасой деса, бировлар бошқача айтади. Лекин муҳими, ана шу сойлар кўкаламга бурканса, шу қишлоқнинг фахри.

Дарвоқе, Оннасойнинг этагида, сал тепароқда битта қудуқ бор. Қишлоқнинг бутун чорваси шу ердан сув ичади, баъзан аҳоли ҳам уйига ташийди. Суратларни кўриб, беш-олти ёшлигида, отасига сурув боққани ёрдам бергани борганида шу қудуққа тушиб кетганини эслади.

Мана бу расмда эса қишлоққа биринчи келган жамоат транспорти, автобус ҳам кўриниб қолибди. Аҳоли уни «оқ мошин» дерди. Яна биттасида «автолавка» одамларга савдо хизмати кўрсатяпти. Мана бу эса онажониси – Бўстон аянинг сурати. Ўзиям роса рўмол ўраб тушган экан. Бояқиш «совхоз» деган ташкилотда ишларди. Қирқ даража иссиқда ҳам қўлида ўроқ билан ғалла ўримида қатнашган. Эҳ, онажон! Бугунги дориламон кунларни кўрмади-да. Раҳматли падари бузруквори ҳам бир умр сурув боқди, бири икки бўлмади. Эсида, Илёс уйда овқат кам бўлган кунлари қариндошлариникига бориб қорин тўйғазиб келарди. Ахир, ўн нафар фарзанд ва эр-хотин бир дастурхондан таом егандан кейин, аҳвол шу-да...

Мана бу сурат мактабдаги ҳаётини эслатди. Зўр ўқитувчилари бор эди-да! Илёс қўлини кўтармаган, жавоб бермаган дарс бўлмасди. Шунинг учун бўлса керак, уни синфдан-синфга тез кўчиришди. Отаси ҳам илмга ташна ўғлидан хурсанд. Шунинг учун 6-синфидаёқ уни Улусдаги катта мактабга олиб борди. Суҳбатлашиб кўрган директор Арабов отасига «Бу болада фаросат, илмга интилиш бор экан, биз уни олиб қоламиз, ётоқ жой берамиз», деди. Айниқса Барот ака исмли ўқитувчи Илёс билан алоҳида шуғулланди. Хусусан, математика ва физикадан мактабнинг олд ўқувчисига айланди. Ҳамон эсида, ўқишга киргач, вокзалга бориб, муаллими Барот Холбоевга «Раҳмат, муаллим. Сизнинг меҳнатингиз туфайли математикадан иккита «тўрт» олдим», деган мазмунда хат ёзиб почтага ташлаганди.

Лекин кўнглида бир армон қолди: қишлоқдан Улусгача бориб-келишга беш йилда отаси битта велосипед ҳам олиб беролмади. Китоб олишга ҳам пули йўқ эди. Шунинг учун фақат мактаб кутубхонасидаги китобларни мутолаа қиларди. Ҳа, майли, бу армонларнинг ижобатини фарзандларида, невараларида кўряпти-ку?!

Мана бу суратда қишлоқдаги бир тўйда ферма мудири Ҳамро бобо билан ёнма-ён тушган экан. Яхши одам эди. Айтгандай, ўша қудуққа тушиб кетганда, уни Ҳамро бобо тортиб олган эди. Кейин отасидан оқ фотиҳа олиб, ўқишга жўнаётганида ҳам Ҳамро бобо дуч келиб қолди. Шунда у киши «Илёсбой, Тошкентда одамнинг одам билан иши йўқ, тағин ўзингни қудуқларга ташлаб юрма», деб ҳазиллашгани эсида.

Оҳ, Тошкент қудуқ эмас, уммон экан, уммон бўлганда ҳам Илёсга ўхшаган ва ундан зўрларини ҳам домига тортиб кетадиган жой экан. Беш йил давомида халқ хўжалиги институтида ўқиб, бунга ишонч ҳосил қилди. Ман-ман деган домлалардан таҳсил олди. Тошкент зилзиласининг ваҳимаси-ю, оқибатларини кўрди. Жўралари билан бирга мардикорлик қилди. Бундай ўйлаб қараса, беш йил ўқиши давомида агар битта-иккита курсдошининг тўйини ҳисобга олмаса, бундай бир саёҳатга тўйу томошага ҳам бормади. Чунки қишлоқдан пул сўрай олмайди, стипендия эса ҳар хил тадбирларга етмайди.

Мана бу сурат ҳарбий хизматдаги жўралари билан туширилган экан. Очиғи, бу хизмат кўп қатори ўтди.

Мана бу суратда «Самарқанд» совхози бош ҳисобчиси Мамат ака Абдуллаев билан тушган экан. Э, зўр одам эди-да. Илёсга икл бор мустақил ҳаётда устозлик қилди. Ўзиям мактабдаги, институтдаги, амалиётдаги, ҳатто ҳарбийдаги фаолиятини биттама-битта сўраб олди-я. Синаш учун турли саволлар берди. Кўнгли тўлди, шекилли «Ука, агар айтганимни бажариб юрсанг, сендан яхши ҳисобчи чиқади», деб кўнглини кўтарган бўлди.

…Шу ерга келганда Илёс ака суратларни, ҳужжатларни бир чеккага йиғиштириб, ўрнидан туриб, дераза ёнига келди. Ойнадан қараса, фарзанду неваралар боғдаги ташвишлар билан банд, кўчада эса ҳеч ким кўринмайди – карантин! Одамлар қизиқ-а, баъзан уйдан чиқаролмайсан, гоҳида эса уйда сақлаб туролмайсан. Инсон дегани иссиққа ҳам, совуққа ҳам чидамсиз бўларкан-да. Эҳ… бу ташвишлар унинг бошига тушган ғам-аламлар олдида ҳеч гап эмас. Шу пайт ҳаёлида Мамат аканинг ўрнига бош ҳисобчи бўлиб тайинлангани, кўп ўтмай хонасига ревизорлар келгани ва… «пахта иши» бошланиб кетганидаги сўров-суриштирувлар гавдаланди. Бу ҳам халқнинг бошига тушган синов эди. Ҳарқалай оқланди, юзи ёруғ бўлди. Лекин…

Каттақўрғон турмасидан қайтаётганда унинг аҳволи яхши эмас эди. Очлик, захда ётиш, адолатсизлик алами ёш йигитни улғайтирибгина эмас, қаритиб ҳам қўйди. Бадандаги тошмалар кундан-кунга авж олди. Ўшанда автобусда нотаниш бир йигитнинг муомаласи унинг эсидан чиқмайди. Муаллим экан. Қўлидаги, юзидаги яраларга қараб, «Ака мен шу бўйича мутахассисман, юринг уйга, сизни даволайман», деди. «Пулим йўқ» деганига қарамай, табиб муаллим уни уйига олиб бориб даволади. Кейин Қашқадарёда қорасон касаллигини даволаш учун худди шундай табибнинг қўлида муолажа олишга мажбур бўлди...

Илёс ака жойига келиб ўтирди. Гарчи, бундан кейинги ҳаёти ҳавас қилгудек бўлмаса-да, касаллиги туфайли йиққан ҳужжатлари, «пахта иши»дан кўрган зарарни ундириб олиш учун судларга қилган мурожаатлари, уларнинг ёлғон жавоблар-ю, ўзининг нола-ю авғон битилган мактубларини бир-бир кўздан кечирди. Тавба, математикада энг оғир масалаларнинг ҳам исботини, ечимини топган олий маълумотли ҳисобчи давлат раҳбари қайд этганига қарамасдан, судлар олдида ўзининг ҳақлигини исботлай олмайди. Ишқилиб, карантиндан кейин бу соҳа одамларига ҳам инсоф берсин..!

Илёс Ашуров гарчи, чўпон фарзанди бўлса-да, бутун оиласи билан маърифатга, маданиятга, адабиётга мойил бўлиб ўсди. Ўзи ҳам, ака-укалари ҳам дўмбира чалиб қўшиқ айтишарди, китоб қўлма-қўл бўлиб ўқиларди. Шунинг таъсиримикан, ҳаётга ҳам теран қарайди, ҳар нарсага жаҳл қилавермайди. Фақат ичига ютади, қисинади. Бироқ фарзандлари, неваралари, қавм-қариндошлари олдида обрўси борлиги, юзининг оқлигидан кўнгли таскин топади. Ўшалар бугун ундан ибрат олаётганлигидан хурсанд бўлади. Одамга бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

Илёс ака хаёлларини йиғиштиришга ҳам улгурмай, хонани неваралар тўлдирди:

- Ассалому алайкум, бобожон. Туғилган кунингиз, 73 ёшингиз муборак бўлсин!

Фармон ТОШЕВ,

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.