Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят кенгаши фаолларининг мурожаати
Баҳорда нафақат табиат, балки жамият ҳам уйғонади. Ҳаволар исиб шаҳар-у қишлоқларимизда тозалик, ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилади. Бободеҳқонлар яхши ниятлар билан ерга кўчат ўтқазади.
Маълумки, тўй ёки тантана бошлашдан аввал хонадонларни, ҳовли ва уй-жойларни тартибга келтириш, атроф-муҳитни саришталаш халқимизга хос азалий анъана. Бу анъана истиқлол йилларида чинакам қадриятга, ҳар бир юртдошимизнинг эзгу тамойилига айланди, десак муболаға бўлмайди.
Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида Наврўз умумхалқ байрамини муносиб кутиб олиш ва нишонлашга қизғин тараддуд кўрилмоқда.
Азиз ёшлар! Биз Сизларни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан жорий йилнинг 3-4 март кунлари вилоятимизда ташкил этилаётган “Ёшлар ҳашари” акциясида фаол иштирок этишга чорлаймиз!
Барчамиз энг аввало ўзимиз яшаб турган хонадон ва ҳудуднинг тозалигига жавобгармиз. Шундай экан, ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган ушбу ҳашарда фаол қатнашиб, юртимизнинг кўркига кўрк қўшишда иштирок этинг. Зеро, “Ҳашар - элга ярашар” деган нақл бор. Шундан келиб чиқиб, бу шукуҳли дамларда биз ёшлар ободонлаштириш ва тозалик тадбирларини янада кучайтиришимиз, маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, ҳовлилар, боғ ва сайилгоҳларни тартибга келтиришда алоҳида ташаббус кўрсатишимиз лозим.
Шу билан биргаликда ушбу байрамона кунларда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш бизнинг энг муҳим вазифамиздир.
ҚИШЛОҚ ВА ШАҲАРЛАРИМИЗ ТОЗАЛИГИ ЙЎЛИДА БИРЛАШАЙЛИК, АЗИЗ ТЕНГДОШЛАР!
ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ИТТИФОҚИ
САМАРҚАНД ВИЛОЯТ КЕНГАШИ ФАОЛЛАРИ