ОАВ: Зойир Мирзаев Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан кетиши кутилмоқда

Бир қатор оммавий ахборот воситаларида Қашқадарё вилояти ҳокими ўзгариши ҳақида хабарлар тарқалди.

Жумладан, Kun.uz сайти ўз манбасига асосланиб, Зойир Мирзаев ўрнига Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси Мурод Азимов Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тайинланишини ёзмоқда.

Зойир Мирзаев 2019 йил октябрь ойидан Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасига киришган. Унгача, 2016-2018 йилларда Бош вазир ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, агросаноат мажмуаси раҳбари, 2018 йилда Бош вазир ўринбосари – агросаноат, озиқ-овқат ва халқ истеъмол моллари мажмуаси раҳбари бўлиб ишлаган. Кейинроқ эса 2018 йил 7 ноябрь куни Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланган.

Қашқадарёга ҳоким бўлиши кутилаётган Мурод Азимов 2018 йил февралдан бери Божхона қўмитасига раислик қилиб келади.