“Очиқ эшиклар куни”да талабалар солиқ органларига ишга қабул қилиш тартиби билан танишди
Вилоят давлат солиқ бошқармасида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти талабалари учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Тадбирда солиқ органларига ишга кириш истагида бўлган битирувчи талабалар иштирок этди.
Дастлаб, бошқармада яратилган шароитлар билан таништирилди. Сўнгра солиқчилар ва талабалар ўртасида давра суҳбати уюштирилди. Унда талабалар солиқ бошқармасига ишга кириш ва ишлаш тартиби ҳақида тўлиқ маълумот олди.
Давра суҳбатида вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиқлари - Ғайрат Матсапаев, Ёрқин Маматов давлат солиқ хизмати органларига ишга қабул қилиш тартиби, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатишда шаффофликни таъминлаш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида атрофлича сўз юритди.
Давра суҳбатида нафақат институт талабалари, балки профессор-ўқитувчилар ҳам фаол қатнашди. Факультет декани Олим Пардаев талабаларнинг амалиётини янада самарали ташкил этиш масаласини илгари сурган бўлса, иқтисод фанлари доктори, профессор Жаҳонгир Зайналов солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда “Зукко солиқчи”, “Зукко талаба” каби танловлар ўтказиш таклифини билдирди.