"Очиқ мулоқот"даги масалалар ҳал этилдими?
70 нафар фуқародан 76 та мурожаат келиб тушган, 39 мурожаат ижобий ҳал қилинган ҳамда 35 мурожаат юзасидан тушунча берилган, 2 нафар мурожаатчининг манзили аниқланмаган...
Ушбу рақамлар шу йилнинг 24 февраль куни Самарқанд телевидениеси орқали эфирга узатилган "Очиқ мулоқот" кўрсатувида Тойлоқ тумани сектори раҳбарлари билан ўтказилган кўрсатувга оид.
Тойлоқлик мурожаатчиларни кўпроқ нима безовта қилган ва ушбу мурожаатлар шу пайтга қадар нечоғлик ўз ечимини топди?
Тойлоқ туман ҳокимлиги масъул ходими Комил Ҳамроевнинг айтишича, мурожаатлар асосан газ билан таъминлаш, электр энергияси, уй-жой, йўл, ички ишлар тизими билан боғлиқ эди. Улар тегишлича ҳал этилиб, айримларига маслаҳатлар берилган. Аммо ер масаласида келиб тушган 4 та мурожаатга ижобий жавоб берилмади. Сабаби, туманда барча ерлар суғориладиган майдон бўлгани учун ер ажратиб бериш имкони йўқлиги маълум қилинди.
- Кўрсатувга газ баллони сўраб, савол йўллагандим, - дейди туманнинг Навзандак маҳалласида истиқомат қилувчи Фарида Эргашева. - Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмай газ баллони олиб келиб беришди.
- Алимент тўловининг ундирилишида муаммоларга дуч келгандим, - дейди Мунира Ризаева. - Шунинг учун телевидение орқали туман раҳбарлари билан ўтказилган "Очиқ мулоқот" кўрсатувига бу масалани ҳал этиш бўйича савол йўлладим. Ҳозирча уч миллион сўм ундириб берилди, аммо ҳали яна тўланадиган маблағ бор.
- Хўжақишлоқ маҳалласидаги коллеж жойлашган кўчада машиналар серқатнов, йўловчилар кўп, - дейди ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи А.Қодиров. - Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида шу кўчага светофор ўрнатиб беришларини сўрагандим. Ҳозирча светофор устунларини қўйишди, яқин кунларда светофорни ўзиниям ўрнатамиз, дейишди.
Шунингдек, йўл масаласи бўйича 12 фуқародан мурожаат келиб тушган бўлиб, уларга бу масала 2020 йилги давлат дастурига киритилиб босқичма-босқич таъмирлаб берилиши тушунтирилди. Тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича тўртта мурожаат келиб тушган бўлиб, унинг иккитаси сув иншооти қуриш бўйича эди. Уларга 2019 йилги манзилли дастур асосида иншоот барпо этилиши белгиланганлиги маълум қилинди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.