Одам савдоси билан шуғулланган аёл муддатидан олдин қамоқдан озод қилинди

  Юртимиз суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган инсонпарварликка йўғрилган адолатли сиёсат туфайли жиноят содир этган бўлса-да, хатосини тушуниб, чин кўнгилдан пушаймон бўлган шахсларга енгилликлар берилмоқда, тайинланган жазолардан озод қилинмоқда.

  Самарқанд шаҳрида яшовчи Г.Шаропова ҳам одам савдоси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун суднинг ҳукмига асосан 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилиб, 2013 йил 3 май кунидан буён жазони ўтаб келаётган эди.

Г.Шаропова яқинда судга кассация тартибида шикоят йўллаб, айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жазони ўташ давомида ўзига тегишли хулоса чиқарганлиги, аёллигини, оилавий шароитини, оиласида ягона боқувчи эканлигини инобатга олиб, тайинланган жазони енгиллаштиришни сўраган.

Мазкур шикоят жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди кассация инстанциясида вилоят судининг раиси О.Хайитов томонидан кўриб чиқилди. Г.Шаропованинг ўз хатосини тўла англаб, жамият равнақи, оиласи фаровонлиги ва фарзандлари тарбиясига астойдил аҳд қилганлиги, жазони ўташ муассасасидан ижобий тавсифланганлиги ҳамда тузалиш йўлига ўтганлигини инобатга олиниб, жазо муддати камайтирилди ва суд залида қамоқдан озод этилди.

О.ҚОДИРОВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг судья ката ёрдамчиси