Одам савдосидан жабрланганлар реабилитация қилинади

Маълумотларга кўра, Самарқанд вилоят ИИБ одам савдосига қарши курашиш бўлинмаси томонидан жорий йилнинг 5 ойи давомида вилоят ҳудудида одам савдоси билан боғлиқ жами 7 та жиноий ҳолат аниқланган (ўтган йилнинг шу даврида 9 та бўлган).
Ушбу ҳолатларнинг 6 таси шаҳвоний мақсадларни кўзлаб, 1 таси чақалоқ савдосини кўзлаб содир этилган. Мазкур жиноятларни тергов қилиш давомида 7 нафар аёл айбланувчи ва 7 нафар аёл жабрланувчи деб эътироф этилган. Айни пайтда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар юзасидан 38 нафар шахс қидирувда.
Бугунги кунда вилоятда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тезкор-профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича вилоят ҳудудий комиссиясининг чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, ижроси таъминланмоқда.
Вилоят ҳудудий комиссиясининг одам савдоси билан боғлиқ мурожаатларни қонуний кўриб чиқиши ва қарорлар қабул қилинганлиги доимий равишда ҳудудий прокуратура органлари томонидан назорат тартибида ўрганиб борилмоқда.
Хусусан, комиссияга келиб тушган 7 та мурожаатни ўрганиш ва ҳал этиш жараёнида одам савдосидан жабрланган ёки жабрланувчи деб эътироф этилган аёлларга тиббий, ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилгани аниқланди. Мисол учун, Самарқанд шаҳрида яшовчи И.М.ни Қозоғистондан юртимизга қайтишида ёрдам кўрсатилиб, Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш республика реабилитация марказига жойлаштирилган. Унга тиббий, психологик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди ва ҳудудий комиссия ёрдамида ID-карта расмийлаштириб берилди. Айни кунларда И.М.ни иш билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Одам савдосидан жабрланган деб топилган яна 4 нафар жабрланувчини реабилитация қилиш, соғлом турмуш тарзига қайтариш мақсадида вилоят ҳудудий комиссияси томонидан республика реабилитация марказига юборилиши таъминланган.
Одам савдосига қарши курашиш, бундай турдаги жиноятларнинг олдини олиш ва жиноят оқибатларидан аҳолини, хусусан, ёшларни огоҳ этиш мақсадида кенг аҳоли қатлами орасида доимий тушунтириш-тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Бу борадаги ишлар 30 июль – Одам савдосига қарши курашиш бутунжаҳон куни арафасида яна ҳам кенг кўламда ташкил этилиши кўзда тутилган.
Хондамир Мардиев,
вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.