Одам савдосининг олдини олишга қаратилган дадил қадамлар

Инсоният ҳаётига жиддий муаммоларни келтириб чиқараётган жиноятлардан бири – одам савдоси. Мазкур трансмиллий жиноятнинг турли кўринишлари дунё халқлари ҳаётида турли хавфларни келтириб чиқаради.

БМТ томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг хабарларига кўра, ушбу жиноят ортидан айрим кимсалар йиллик 7 миллиард АҚШ долларидан даромад олаётгани маълум қилинган.

Афсуски, ушбу жиноятдан жабрланганларнинг 80 фоизи хотин-қизлар ва болалардир. Хавотирли жиҳати шундаки, алдов йўли билан ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг нафар аёл ва болалар хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилаётгани таъкидланган.

Расмий ҳужжатларда баён этилишича, одам савдосининг учта кенг тури тарқалган: жинсий эксплуатация, мажбурий меҳнат ва одам аъзоларини сотишдир.

Бу жиноятларни юзага келишининг асосий сабаби, билимсизлик, маънавий қашшоқлик, очкўзлик каби турли салбий сифатларни келтиришимиз мумкин.

Жиноятчиликнинг бу турини олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор ҳужжатлари қабул қилинган. Хусусан, «Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида»ги Конвенция, «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида»ги Конвенцияни ва шу каби қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни келтириш мумкин.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалаларига оид миллий қонунчилигимизда 2019-2020 йилларда 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу билан бирга, халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу борада жиддий қадамлар ташланмоқда. Ҳукумат қарори билан одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базаси юритилиши ва унга одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар, жабрланганлар, жабрланган деб тахмин қилинаётганлар киритилиши ҳақида ОАВ орқали эълон қилинган.

Бир сўз билан айтганда, ҳуқуқ устувор бўлган давлатимизда қонунлар ижросини таъминловчи органлар борки, бу каби иллатларни фош этилмай, ушбу жиноят жазосиз қолмайди.

Ш.Ғайбулов,

жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг судьяси.