Одамлар бир-бирига ёрдам бермай қўйдими?

Бир пайтлар бир ҳовуч шолини етти қўшнига улашган, бир хонадонда тўй бўлса, бошқасида ош қайнаган халқ эдик.

Одамлар сўрамасдан ҳам бир-бирига ёрдам берарди. Ҳозир эса бировдан ҳол сўраш у ёқда турсин, кўриб кўрмасликка оладиганлар кўпайиб кетди.

Илгари маҳаллада бирор хонадонда тўй бўлса, олов ёқишдан идиш-товоқ ювишгача ҳамма ёрдамлашарди. Уй қуриш, йўл таъмири, ариқ қазиш, ободонлаштириш ишларини ҳам барча бирикиб қиларди.

Яқинда маҳалла қабристонини ободонлаштириш учун ҳашар қилинди. Икки кун олдин эса қишлоқдошлар гуруҳига эълон берилди. Бироқ кўпчилик ҳашар куни “ишим бор”, “вақтим йўқ” деб баҳона қилиб келмади. Ҳатто айримлар телефонини кўтармасликни маъқул кўрди.

Кейинги пайтда ҳурмат, одамгарчилик ва одоб-ахлоқ тушунчалари унутилиб бораётгандек. Автобусга кекса онахон чиқди, ёшлардан бирига яқинроқ турди. Йигит онахонга қаради, аммо жой бериш ўрнига, атайин телефонига тикилиб тураверди. Кондуктор томонидан “Катталарга жой беринг!” деган эътироздан сўнг мажбур бўлиб жой бўшатди.

“Менга нима?”, “Нима ишим бор?”, деган қараш ҳам кўпайди. Велосипед ҳайдаб кетаётган бола йиқилиб тушди. Унинг тиззаси шилиниб, оғриқдан кўзларига ёш келди. Аммо ўша кўчадан ўтиб-қайтаётган ўнлаб одамлар ҳолатни кўриб туриб, болага “яхшимисан?” демади. Рости, мен ҳам ўша йўловчилардан бириман. Хўш, биз нима учун бундай ҳолатларга одатланиб қолдик?

Биринчидан, ҳозирги кунда одамлар кундалик ҳаёт билан жуда банд: иш, даромад, бола-чақа, кредит... Бу югур-югур инсонни нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам чарчатади. Шунинг учун кўпчилик ўзи билан ўзи овора.

Иккинчидан, интернет ва ижтимоий тармоқлар одамлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни, борди-келдини камайтирди. Гўёки меҳр-оқибат, бағрикенглик тушунчалари ҳақиқий ҳаётда эмас, экран орқали намоён бўлаётгандек.

Учинчидан, урф-одат ва қадриятлардан узоқлашиб боряпмиз. Замонавий ҳаёт, «оммавий маданият» қадриятларимизга соя солмоқда. Натижада “биз” эмас, “мен” деган қараш шаклланяпти.

Тўртинчидан, одамлар бир-бирига ишонмай қўйди. Чунки кейинги вақтда кимдир ёрдам бериб, ўзи алданди ёки жавоб олмади. Натижада “мендан нимадир сўрайди”, “яна алданаман” каби хаёллар кўпларни узоқлаштириб юборди.

Нима қилиш керак?

Одамлар бир-бирига суянмайдиган жамият емирилади. Бефарқлик эса катта ижтимоий муаммога айланади. Инсонларда давлат ва жамиятга нисбатан ишонч йўқолади. Буларнинг олдини олиш учун эса аввало, ҳар ким ўзгаришни ўзидан бошлаши лозим. Бунда биринчи навбатда оилада ва мактабдаги тарбия муҳим. Чунки фарзандларимизни “фақат ўзини ўйлаш”дан кўра “бошқалар учун керак бўлиш”га, яхшилик қилиш, ёрдам қўлини чўзишга ўргатиш керак.

Ҳурмат-эътиборга эга одамларни намуна қилиб кўрсатиш, жамиятни ўйлашга ундаш, шунингдек, қадриятларни тиклаш, ҳашар, қўшничилик, ҳамжиҳатлик, меҳмондўстлик бизни ўзга халқлардан ажратиб турадиган бойлигимиз. Уларни унутиш ўзлигимизни йўқотиш эканлигини тушунтириш керак. Ўйлаб кўрайлик, агар биз ҳам “менга нима” десак, эртага ўзимиз ёрдам сўраганда бизни ким эшитади?

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.