Одамлар энди қаерга мурожаат қилади?

Тўсатдан бундай дейиш ноўрин, биламан. Аммо бунга ҳам сабаб бор. Негаки, халқ қабулхонлари ҳақида ёзилган мақола, тайёрланган кўрсатув, хуллас, исталган ижодий материалда мурожаатларни эшитувчи идора сифатида кўрсатиларди.

Рост, бир жиҳатдан бу идора, билмадим, балки ташкилот керак эди. Чунки халқ тилида мурожаатлар тўғрисидаги қонун, деб аталувчи ҳужжатда исталган идорага мурожаат қилишингиз мумкинлиги қайд қилинган. Мурожаат қайтарилмайди. У рўйхатга олиниб, тегишлилиги бўйича йўналтирилиши керак. Ҳар ҳолда қонунда шундай ёзилган.
Тўғри, амалда аксар идораларда бу норма ишламайди. Мурожаатда кўтарилган масала тегишли бўлмаса, рўйхатга олинмасди. У ҳатто вилоят ҳокимлиги бўлса ҳам. Айни норма Халқ қабулхоналарида тўла-тўкис ишларди. Бу ерда нафақат ижро органлари кўриб чиқадиган масалалар, шу билан бирга суд-ҳуқуқ идоралари билан боғлиқ мурожаатлар ҳам рўйхатга олинарди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарида вилоят аҳолисидан жорий йил 11 август ҳолатига 59 минг 649 та мурожаат рўйхатга олинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22 минг 660 тага (28 фоиз) камайган. Бироқ келиб тушган мурожаатларни ижобий ҳал этиш даражаси 6 фоизга пасайиб, фақат тушунтириш бериш билан чекланилган.
Хусусан, ижобий ҳал этиш даражаси Самарқанд шаҳрида 46 фоиздан 31 фоизга, Тойлоқда 53 фоиздан 41 фоизга, Каттақўрғон шаҳрида 48 фоиздан 38 фоизга, Пайариқда 46 фоиздан 38 фоизга, Булунғурда 44 фоиздан 38 фоизга, Қўшработда 49 фоиздан 43 фоизга, Нурободда 44 фоиздан 38 фоизга, Самарқанд туманида 46 фоиздан 40 фоизга, Ургутда 44 фоиздан 37 фоизга пасайган.
Бошқарма ва ташкилотлар кесимида кўрадиган бўлсак, иқтисодиёт ва молия бош бошқармасида 10 фоиз, вилоят давлат архивида 14 фоиз, адлия бошқармасида 15 фоиз, ички ишлар бошқармасида 19 фоиз, вилоят фермерлар кенгашида 19 фоиз, кадастрлар палатаси вилоят бошқармасида 21 фоизни ташкил этган.

Оқибати ҳис қилинмаяпти...
Юқоридаги рақамлардан тушундингиз-а? Мурожаатлар камайган, бироқ уларни на ҳудудий ҳокимликлар, на бошқарма ва ташкилотлар ижобий ҳал қилиб беришга алоҳида эътибор қаратяпти.
Бунинг оқибатида, аниқроғи, мурожаатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш йўллари таҳлили олиб борилмаганлиги, тегишли ташкилот ёки идора раҳбарлари томонидан муаллиф иштирокида масалани ечиш чоралари етарли даражада кўрилмаганлиги сабаб такрорий ариза-шикоятлар кўрсаткичи ҳамон юқорилигича қолмоқда.
Масалан, такрорий мурожаатлар Самарқанд шаҳрида 1016 тани, Паст Дарғомда 951 тани, Пахтачида 664 тани, Пайариқда 657 тани, Иштихонда 556 тани ва Оқдарёда 434 тани ташкил этган.
Мисол учун, Пайариқ тумани Жувозхона маҳалласида яшовчи С.Ибрагимов Қўшработ туманида ер майдони бўлмаса-да, кадастр маълумотлар базасида унинг номига ер майдони бириктириб қўйилганлиги сабабли солиқ тўловларидан асоссиз қарздорлик келиб чиқаётганлиги тўғрисида мурожаат қилган.
Кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси мурожаатни охиригача ҳал этмасдан “кадастр рақамини бугунги кун ҳолатига ўчиришга киритилганини маълум қиламиз”, деган мазмунда оралиқ жавоб хати юборган.
Самарқанд шаҳар Хўжақишлоқ маҳалласида яшовчи У.Хайдаровнинг кўчадаги электр устунларини алмаштириб бериш масаласида қилган мурожаати Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси томонидан ўрганилиб, ҳал этилмаганлиги оқибатида фуқаро шу масала бўйича 4 марта мурожаат қилган. Лекин мурожаат ҳал этилмасдан, тушунтириш берилди, деб назоратдан чиқарилган.
Балки муносабат шу кўринишга келгани учун одамлар Президент қабулини сўрашга мажбур бўляпти. Зотан, Халқ қабулхонасининг маълумотларига кўра, Президент қабули сўрови масаласида 204 та мурожаат рўйхатга олинган. Ушбу мазмундаги энг кўп мурожаатлар Самарқанд шаҳри (30 та), Паст Дарғом (28 та), Пахтачи (19 та), Самарқанд (18 та) ва Нарпай (16 та) туманларига тўғри келмоқда.

Энди “диспетчер” керак эмас!
Англашилганидек, масаланинг ичига чуқур кириб бормасдан ҳам мурожаатларни кўриб чиқишдаги аниқ муаммолар кўриниб қолмоқда.

Ваҳоланки, у вақти-вақти билан таҳлил қилиниб, эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар, тизимда ортга кетишга сабаб бўлаётган омиллар кўрсатиб борилиши зарур эди.

Шу сабаб 16 июнь куни давлатимиз раҳбари раислигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

“Халқ қабулхоналари тизими ҳам аҳоли дардини эшитиб, масалаларни ҳал қилиш ўрнига мурожаатларни давлат ташкилотларига тақсимловчи “диспетчер”га айланиб қолди”, – деди давлатимиз раҳбари.

Мисол учун, ўтган йили виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналарига юборилган мурожаатларнинг 55 фоизи ижобий ҳал этилмаган.

Тизимдаги камчиликлар ҳисобга олиниб, халқ қабулхоналарининг барча ходимлари ишдан бўшатилиши ва масалани ҳал қила оладиган фидойи кадрлар билан тўлдирилиши қайд этилди.

Эндиликда Халқ қабулхоналарига вилоят ва туман ҳокимининг ўзи раҳбарлик қилиши белгиланди. Ҳокимлар ҳар куни ишини шу ерда аҳоли дарди ва ташвишини эшитишдан бошлайди. 

“Ҳокимлар бир нарсани тушуниб олсин, бугун туғилган муаммони кейинги кунга ўтказишга йўл қўйилмайди. Мурожаатни бошқа идорага юбормасдан, шу ернинг ўзида ҳал қилади”, – деди Президент.

Бунинг учун туман ҳокимининг ваколатлари кенгайтирилади. Масалаларни ҳал қилиш учун қўшимча ресурс ҳам берилади.

Хўш, нима ўзгарди?

Биринчидан, барча шаҳар ва туманлар, вилоят Халқ қабулхонаси мудири эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди. Бугунги кунда ҳудудларда биттадан, вилоятда 3 та мутахассис ишлаб турибди. Яъни, шу пайтгача администрaция бўйсунувида бўлган ҳудудий халқ қабулхоналари бевосита ҳокимлар бўйсунувига ўтди.

Бинолар ҳам ҳокимликлар балансига берилган. Кейинги вақтда шаҳар ва туман ҳокимлари ҳар бир иш кунида бу ерда жисмоний ва юридик шахслар қабулини ўтказмоқда.

Дарвоқе, аксарияти яхши таъмирланган қабулхоналар бинолари халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашларига берилиши тахмин қилинмоқда. Ёдингизда бўлса, тегишли ҳужжатга асосан 2026 йилдан уларга ҳоким раислик қилмайди. Ҳужжатда жорий йил октябрь ойигача Кенгашлар учун бино масаласини ҳал қилиш белгиланган.

Муаммо муносабатда эмасми?

Дарҳақиқат, мурожаатларни кўриб чиқишда асосий муаммо бу ишга муносабат ўзгармаётганида бўлмоқда. Мисол учун, жорий йил 23 май куни Жомбой туманидаги “SOF EXPO Samarkand” халқаро кўргазмалар мажмуасида вилоят ҳокими бошчилигида сайёр қабул ўтказилган.

Қабулда 268 та мурожаат рўйхатга олинган ва 121 таси ёки 45,1 фоизи ижобий ҳал этилган, 144 таси ёки 53,8 фоизига тушунтириш берилган (3 тасини кўриб чиқиш рад этилган).

- Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди ва умиди турганини унутмаслигимиз керак! – деганди Президент 16 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида.

Майли, бундай ёндашув йўқлиги алоҳида масала. Бироқ мурожаатларни кўриб чиқишда қонун талаблари бузилмоқда. Мисол учун, вилоят ҳокимининг сайёр қабулида 87 та мурожаатни кўриб чиқишда ижро муддати кечиктирилган.

Ёқубжон Марқаев.