Оила даврасида китоблар ўқилса, одоб-ахлоқдан сўз борса...
Карантин сабабли узайтирилган таътил кунлари ота-она ва фарзандлар ўртасидаги яқинлик бир неча баробар ошди. Негаки оила даврасида барча жамул-жам, бир-бирини тинглаш, меҳр кўрсатишга вақт етарли. Хўш, ушбу бўш вақтимизни қандай ўтказяпмиз? Ота-она фарзандининг мактабда қандай билим олаётгани, саводи, китобхонлигига қизиқиб кўряптими? Тарбияси, ўзини тутиши, одоб-ахлоқигачи? Боладаги ушбу муҳим хислатлар тўла-тўкис ўқитувчининг зиммасига тушиб қолган айни пайтда ота-оналаримиз устознинг машаққатини ҳис этяптими?
Табиийки, саломатлигимизни асраш учун барчамиз мутахассислар томонидан берилаётган тавсияларга амал қилаётганимиз, шубҳасиз. Айни пайтда бизга буюк инъом қилиб берилган вақтдан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилишимиз лозим. Ҳурматли ота-оналар! Ўйлаб кўрайликчи, охирги марта қачон бирор бадиий китобни қўлга олдик? Бу борада боламизга шахсий намуна бўлдикми? Фарзандларимизни ёнимизга чорлаб, уларга қизиқ-қизиқ китоблар ўқиб, ҳикоялар айтиб берганимизга қанча вақт бўлди? Уларга шеър ёд олишда кўмак бердикми ёки ўқиган китоби ҳақида айтиб беришни сўрадикми? Диктант, баён, иншо ёздириб, уларнинг саводини текшириб кўрмаганимиз-ку аниқ. Ҳозир фарзандларимиз билан бирга ўзимизнинг ва уларнинг камчиликлари устида имкон қадар биргаликда ишлаш вақти етди. Аниқроғи, шунга имконият яратилди.
Бир пайтлар ўзбек хонадонида оила бошлиқлари фарзандлар билан жам бўлиб, тунларни тонгларга улаб, шеърхонлик, ғазалхонлик кечалари ўтказилар, китоб мутолаа қилинарди. Бундай оилада, маърифатли давраларда улғайган, китобдан, аждодлар ўлмас меросидан баҳраманд бўлган болалар орасидан илмли, маънавиятли, ижодкор ва юртга, халққа нафи тегадиган инсонлар етишиб чиққан. Иши, дарди, пул топиш ташвиши туфайли илм олишга, китобхонликка бўлган эътиборсизлигимиз тобора ортиб, бундай хайрли ишлар унутилмоқда. Аммо бугун оиланинг бирдамлиги, ота-онанинг фарзанд таълим-тарбияси билан шуғулланишига имкон бор. Ушбу жиҳатлар билан олиб қараганда халқимиз ҳақиқатан ҳам синовли кунларни бошдан кечиряпти.
Вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассислари томонидан бошланғич ва юқори синф ўқувчиларининг баъзи фанлардан ўзлаштириши зарур бўлган мавзулар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди. Бунда ўқувчиларнинг ўқиш, ёзиш саводхонлиги, ижодкорлигини мустаҳкамлаш, уларни китобхонликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган. Муҳими, бола бу топшириқларни бажаришда, албатта, ота-онанинг назорати ва кўмагига эҳтиёж сезади.
Ҳурматли ота-оналар!
Ҳозир Сизда фарзандингиз таълим-тарбияси билан шуғулланиш имконияти бор. Унга диктант, иншо ёздиринг. Болангизнинг билим даражаси, саводхонлиги қай даражада эканлигига бевосита гувоҳ бўлинг. Айни пайтда ўзингизнинг “ёдингиздан кўтарилган” баъзи билимларни ҳам такрорлашингиз мумкин.
Тақвим-мавзу режалари асосида берилаётган топшириқлар, яъни ўқиладиган асарлар, тавсия этилган диктантлар, вазифалар асосида таътил тугагач, назорат ишлари олинишини алоҳида эслатиб ўтамиз. Ўқувчилар дарсликдаги топшириқларга мувофиқ, ясаган буюмлари, чизган расмлари, ўқиган асарлари ва ёд олган шеърлари асосида, албатта, баҳоланади (https://t.me/samarqandvxtb/3292).
Айни пайтда узайтирилган таътил сабаб ўқувчининг дарс тайёрламаслигига, вақтини бесамар ўтказишига, “фалон китобни топа олмадим”, дейишига ҳеч бир баҳона қолмади. Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчи ва ўқитувчига, ҳатто, ота-онага ҳам тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, кенг тарғиб этилмоқда. Жумладан, ўқувчиларга электрон дарсликлар, юзлаб турдаги бадиий адабиётлар, уларни юклаб олиш бўйича расмий веб-сайтлар тавсия этилмоқда (uzedu.uz).
Вилоят халқ таълими бошқармасининг ҳам телеграмдаги (https://t.me/samarqandvxtb) расмий канали орқали берилаётган тавсиялар асосида ўқувчи, албатта, ота-она назорати остида ўз устида мустақил ишлаши мумкин.
Саидаҳмад УСМОНОВ,
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи.