Олимлик мартабаси илмий даража билан ўлчанмайди

Азалдан етук олимлар жамиятнинг илғор одамлари бўлган. Шунинг учун улар неча асрлардан буён миллати, ирқи ва динидан қатъи назар, инсонлар ардоғида, қалби ва тафаккурида яшаб келмоқда.
Яшириб нима қилдик: ҳозир бирорта йўналиш бўйича фан доктори ёки фан номзоди бўлсак, мен олимман, деб даъво қилиб юрамиз. Аммо ҳаёт шуни кўрсатмоқдаки, фан доктори ёки номзоди, ҳали етук олим, дегани эмас.
Мен етук олим, деб бежиз таъкидламаяпман. Етук олим бўлиш учун тарихимиз гувоҳлик беришича, олимликка даъвогар инсонда илмий даража эмас, балки иймони бутун, виждони пок бўлиши керак. Чунки асрлар давомида ардоқлаб келаётган олимларимизнинг бирортасида фан доктори ёки фан номзоди, деган илмий даража бўлмаган. Кўриниб турибдики, олимлик мартабаси илмий даражалар билан ўлчанмайди.
Илми зўр, иймони бутун, виждони пок одамда ҳасад бўлмайди. Олимларда заррача ҳасад белгиси бўлса ҳам, ҳали у етуклик даражасига етмаган бўлади. Иймони бутун бўлмаса, илми зўр бўлмаслиги тайин, илми саёз одам виждонни поклашнинг ҳам уддасидан чиқмаслиги мумкин. Аммо шундай инсонлар борки, иймони бутун, виждони пок. Бироқ, уларда ўз вақтида илм олиш имконияти бўлмаган.
Ён-атрофимизда иқтидорли болалар кўп. Аммо улар тўғри тарбияланиши лозим. Бунинг учун болага устоз керак. Агар иқтидорли бола ўғрилар галасига тушиб қолса, унинг устози ўғри бўлса, бу бола ҳам қойилмақом киссавур бўлиб етишади. Агар у ҳақиқий етук олимнинг қўлида тарбияланса, у албатта олим бўлиб етишиши табиий.
Ота болани дунёга келтиради. Аммо уни қандай одам бўлиб етишишида устознинг ўрни ва роли катта. Бежиз “Устоз отангдан улуғ”, деган ҳикмат асрлар оша яшаб келаётган эмас. Масалан, ота оддий олий маълумотли агроном. Ўғли ёки қизини зўр компьютер дастурчиси бўйича мутахассис қилиб етиштиришни хоҳламоқда. Бу ота-онанинг қўлидан келмайди, чунки улар бу фанни билмайди. Бунга шу соҳани биладиган устоз керак.
Устозларнинг энг олий фазилатларидан бири - уларда ҳасад, хасислик аломати умуман бўлмаслиги лозим. Агар устозда юқоридагиларнинг бирортасидан заррача бўлса ўзидаги бор билимни шогирдига тўлиқ бермайди. У ўзида борини хасислик билан асраб юради ва ўзи билан олиб кетади. Бундайлар Аллоҳ берган давлатни бировга эҳсон қилмасдан, ҳеч қандай савоб олмасдан кетган давлатмандга ўхшайди. Олимлар етук бўлиши керак, деганимнинг яна бир маъноси шунда.
Ҳар бир соҳада бўлгани каби олимлар ўртасида ҳам бир-бирига ҳасад қилиш йўқ эмас. Демак, ҳали ҳақиқий олимликка даъво қилишга ҳақимиз йўқ. Фикрларим мухтасарида битта ривоятни келтиришни мақсадга мувофиқ деб топдим.
«Амир Темур подшоҳ бўлганда иккита зўр олимни синамоқлик учун шикорга (овга) таклиф этибди. Бири Абу Саид Барака, иккинчилари ўша замондаги етук аллома олим экан. Отда учалалари кетаётганда Абу Саид Бараканинг оти олдинроқ кетиб қолибди.
Ўрни келди, дебди-да Амир Темур алломага қараб, “Абу Саид Баракани жуда зўр олим, тақво, авлиё дейсизлар. Мен подшоҳ бўлсам, сиз етук аллома бўлсангиз, у бизни менсимасдан олдинга ўтиб кетиб қолди-ку”, дебди.
Аллома: “Шоҳим бу инсонга Аллоҳ шундай илм берганки, осмонга учиб кетмаяпти ҳалиям. Бу зотнинг ўтирган оти бу инсоннинг улуғлигидан осмонга учай деб илдам кетиб қоляпти. Абу Саид Барака билан ҳамзамон бўлганимиздан Аллоҳга шукур қилайлик”, дебди.
Отни бир қамчилаб, Абу Саид Баракага етиб олган Амир Темур энди у киши билан сўз бошлабди: “Бу алломани олим, авлиё дейсиз, бизни менсимасдан орқада бемалол келяпти. Бу қанақа одам ўзи?”, дебди.
Абу Саид Барака айтган эканлар: “Амирим, бу инсоннинг илми шу даражадаки, ҳалиям уни ер, замин кўтариб турибди. Бу зот минган от бу одамнинг илми-ю тақвосини кўтаролмасдан аста-секин келяпти-да. Бу инсон билан ҳамзамон бўлганимиздан Аллоҳга ҳамду сано айтайлик”, деган экан».
Хулосани ўзингиз чиқаринг, азиз ўқувчим!
Мамаюнус Пардаев,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисодиёт фанлари доктори.