Олис ҳудудларда ҳам маданий фаолият ривожланади

Миллий маданиятимизни ривожлантириш, халқимизнинг маданий дам олишини ташкил этиш, миллий меросимизни асраб-авайлаш, уни янада ривожлантириш бўйича бир қатор қонуности ҳужжатлари қабул қилинган.
Кейинги йилларда маданият соҳасида бўлаётган ўзгаришлар, маданий марказлар ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятининг такомиллаштирилиши, театр, цирк, унутилиб кетаётган қадриятларимиз, бахшичилик ва мақом санъатининг қайта тикланиши, уларни ривожлантириш борасида қабул қилинган 30 га яқин қарор ва фармонлар бу соҳанинг тараққий этишига, тартибга солишга хизмат қилиб келмоқда.
2021 йил 21 январда «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши маданий фаолиятни ҳар томонлама тартибга солишда муҳим ҳужжат бўлди. Мазкур қонун маданият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан бирга маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилишига замин яратди.
Қонун 8 боб, 53 моддадан иборат. Ундаги ҳар бир модда маданий фаолиятнинг барча қисмини қамраб олган. Жумладан, 1-бобда қонуннинг мақсади, асосий принциплари, шу билан бирга ижодкор, ижодий жамоа, ижодий фаолият, маданий тадбирлар, маданий тадбир ташкилотчиси, маданият ходими каби асосий тушунчаларга таъриф берилган бўлса, 2-бобида маданий фаолият соҳасини тартибга солиш борасида моддалар белгиланган. Ушбу бобда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги, «Ўзбеккино» миллий агентлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни амалга оширувчи органлар сифатида кўрсатилиб, уларнинг ваколатлари белгиланган.
Эътиборлиси, қонуннинг 3-бобида маданий фаолият билан шуғулланувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари маданият ютуқларидан фойдаланиш ва жамиятнинг маданий фаолиятида иштирок этиш, ижодий жамоалар таркибида ёки мустақил равишда ижодий фаолият билан шуғулланиш, ўз мулкида бўлган маданий бойликларга қонунчиликда белгиланган тартибда эгалик қилиш, Ўзбекистон халқининг миллий маданиятини, анъаналарини, тилини ҳурмат қилиш каби бир қатор ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди. Шу билан бирга чет эл фуқароларининг ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг маданий фаолият соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари 15-моддада ўз аксини топди.
Ушбу бобда ҳар бир шахс маданий фаолият соҳасида мулк ҳуқуқига эга деган тушунча киритилгани айни муддао бўлди.
Шунингдек, қонунда маданий-оммавий тадбирлар, концерт ва томоша фаолияти, ижодий жамоалар ва ижрочиларнинг гастроль фаолияти, ижодий буюртма, халқ ижодиёти, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати, Ўзбекистон халқ ўйинлари каби моддалар 4-бобдан ўрин олиб, уларнинг ҳар бири фаолияти бўйича таъриф берилиб, уларни ташкил этиш, рухсатномалар олиш бўйича тартиб белгиланган. Бу ҳам уларнинг фаолиятини ташкил этишда муҳим қоидалардан биридир.
Шунингдек, қонунда маданият марказлари, миллий маданий марказлар, театр, цирк, концерт ташкилотларининг ҳар бирига таъриф берилиб, уларнинг бир-биридан фарқи, фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда вазифалари, маданий фаолиятда, шу жумладан, репертуар танлашда мустақил экани кўрсатиб ўтилган.
Маданият ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларни рағбатлантириш, давлат маданият муассасалари ва ташкилотларига «Миллий» ёки «Академик» мақомини берилиши ҳам янгилик бўлди.
Ушбу қонуннинг яна бир боби чекка қишлоқларда яшовчи одамларни алоҳида қувонтирган бўлса ажаб эмас. Айнан олис ҳудудларда маданиятни ривожлантириш моддаси билан олис ва бориш қийин бўлган жойларда маданиятни ривожлантириш, маданият ташкилотларининг фаолиятини йўлга қўйиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг эстетик эҳтиёжларини қаноатлантириш ва аҳолига кўрсатилаётган маданий хизматлар сифатини яхшилаш бўйича ишларга давлат томонидан устувор аҳамият қаратилиши белгилаб берилди.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши маданият соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш самарадорлигини ошириш, соҳани тартибга солишга қаратилган қонун ҳужжатларидаги мавжуд қарама-қаршиликлар ва номувофиқликларни бартараф этиш ҳамда соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади.
Хўжақул Муҳаммадиев,
Самарқанд вилояти маданият бошқармаси бошлиғи.