Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери сайланди

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлиси бошлангани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ, қуйи палата Спикерини сайлаш учун Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши тузилди.

Мазкур кенгашнинг таклифига биноан, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан Нурдинжон Исмоиловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайладилар.

Давлатимиз раҳбари Спикернинг билим ва тажрибаси, фидойилигини таъкидлаб, унинг ва палатанинг ишига муваффақият тилади.

- Сизлар тарихий даврда тарихий депутатлар бўлиб сайландиларингиз. Бунга ҳар куни, ҳар дақиқа муносиб бўлишингиз, халқчил қонунлар қабул қилиб, аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшишингиз керак, - деди Президент.

Шундан сўнг мажлисга раислик қилиш ваколати Спикерга ўтди. Нурдинжон Исмоилов мажлис котибиятига келиб тушган, 5 та сиёсий партия фракцияси раҳбарлари томонидан фракциялар тузилганлиги тўғрисидаги таъсис баённомаларини ўқиб эшиттирди. Шунга асосан Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари рўйхатга олинди.

Депутатлар Қонунчилик палатаси Спикерининг янги таъсис этилган биринчи ўринбосари лавозимига депутат Акмал Саидовни, Спикернинг ўринбосарлари лавозимларига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Хаитовни, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодировни, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси раҳбари Наримон Умаровни, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятовни ва Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Борий Алихоновни сайладилар.