Олтин ва кумуш медал билан тамомлаган битирувчи ўқувчилар тақдирланди

Самарқанд туманида ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон - ёшлар мамлакати” шиори остидаги фестиваль доирасида умумтаълим мактабларини олтин ва кумуш медалларга тамомлаган битирувчи ўқувчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими, мутасадди ташкилотларнинг раҳбар ва масъуллари, битирувчилар, уларнинг устозлари ҳамда ота-оналари иштирок этди.
Бу йил тумандаги 54 та умумтаълим мактабини 2496 нафар ўқувчи битирган бўлса, уларнинг орасида энг истеъдодли, тиришқоқ, билимдон, зукко ва интилувчан 147 нафар ўқувчи олтин ва кумуш медаллар соҳиби бўлди.
Тадбирда тумани ҳокими С.Усмонов сўзга чиқиб, битирувчиларни ушбу унутилмас кун билан табриклаб, келажакда ўзларининг муносиб ўринларини топишларига тилак билдирди.
Тадбир сўнггида битирувчиларнинг 107 нафарига олтин, 40 нафарига кумуш медал топширилди.