Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш жамият фаровонлигининг асоси саналади
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази давлат муассасаси Самарқанд филиалида ўтказилган учрашувда мазкур йўналишдаги долзарб масалалар муҳокама қилиниб, бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳар қандай давлатнинг асосий устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам бу борада муҳим ислоҳотлар амалга оширилиб, оналар ва чақалоқлар саломатлигини яхшилаш, уларнинг ҳаёт сифати ва узоқ умр кўришини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош акушер-гинекологи, профессор Лола Абдуллаева, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниев ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт университетининг бир қатор профессор-ўқитувчилари иштирокида ўтказилган йиғилишда вилоятимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган давлат дастурларининг асосий мақсадлари ҳақида тушунчалар берилди.
Жумладан, вилоятда перинатал ва неонатал ёрдамни ривожлантириш ишларини такомиллаштириш талаб этилади. Бу борада, ҳудудларда фаолияти йўлга қўйилган перинатал марказларини замонавий ускуналар ва малакали мутахассислар билан таъминлаш орқали вилоятда оналар ва чақалоқлар ўлими даражасини пасайтириш, аёллар саломатлигини назорат қилиш учун “Оналар соғлиғини муҳофаза қилиш миллий дастури” доирасида ўтказилаётган тадбирлар доирасини кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, ҳудудий ва марказий тиббиёт муассасаларида хизмат қилаётган шифокорлар учун махсус малака ошириш курслари ҳамда вилоят ва туман даражасидаги тиббиёт муассасалари ўртасида телемедицина ҳамкорлигини ривожлантириш, ҳудудларда аёллар консультацияси ва патронаж хизмати самарадорлигини ва аҳоли орасида тиббий маданиятни ошириш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш зарур.
Ушбу ислоҳотлар жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси учун соғлом ва фаровон ҳаёт яратиш йўлида муҳим қадамдир.